Наманганда янги йил шукуҳи

30.12.2021 20:12:06

Янги – 2022 йил кириб келишига саноқли соатлар қолди. Наманган вилоятининг барча шаҳар ва қишлоқларида байрам тадориги кўрилмоқда. Бозорлар, марказий кўча ва хиёбонларда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ишлаб турибди. Азалий анъанага биноан шу кунларда бунёдкорларнинг қўли қўлига тегмайди. Уларнинг фидокорона меҳнати билан тикланган турар-жойлар, шифохона ва бошқа маданий-маиший бинолар, ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилмоқда.

– Бундай эзгуликка йўғрилган тантаналар ҳар куни бўлиб турибди, - дейди «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. – Уларда қатнашаётган ҳар бир киши одамларнинг қувончига шерик бўлади, келажакка ишончи янада мустаҳкамланади. Бу ҳақдаги фикрлар фаолларимиз олиб бораётган тарғибот ишларида ҳам янграмоқда. Юртимизда халқ манфаатлари йўлидаги бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги ҳаммани хурсанд қилмоқда.

Ана шундай хушхабарлардан айримларини сизнинг эътиборингизга ҳам ҳавола этмоқчимиз. Ўтган ҳафтада Чуст туманида металлургия заводи - “TAI CHANG SPECIAL STEEL” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси ишга тушди. У «Наманган» эркин иқтисодий зонасида барпо этилди. Корхонада иккиламчи хом ашё, яъни темир-терсакни электр печларида эритиб, металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиб, мазкур лойиҳа Хитой Халқ Республикаси инвесторлари билан ҳамкорликда тузилган. Унга кўра, жами 50 миллион АҚШ доллари  маблағ сарфлаш ва 800 нафар янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Ҳозирча завод биринчи маҳсулотни бера бошлади. У йилига 300 минг тонна жаҳон стандартларига мос ва импорт ўрнини босувчи ҳар хил турдаги буюмлар (арматура, швеллер, катанка симлари ва бошқа) ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда янги корхонада 200 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.

Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғи яқинида янги чорвачилик комплекси қуриб битказилди. Бу ерда қорамолларни зооветеринария қоидалари асосида парваришлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. "Zeytun cafe restaurant" МЧЖ томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Унда ташаббускор тадбиркорлар томонидан Франциядан 155 бош «Монбелярд» зотли қорамоллар олиб келиниб, парвариш қилинмоқда.

Тез орада яна шунча наслли жониворларни келтириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 30 та янги иш ўринлари яратилди. Аҳолининг арзон ҳамда сифатли сут ва гўштга бўлган талаби ҳам қондирилмоқда.

Байрам арафасида Янгиқўрғон туманида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг очилиш маросими ўтказилди. Қирғизистон чегарасига яқин ҳудудда жойлашган ушбу МФЙдаги 500 дан ортиқ хонадонда 656 та оила, 2086 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Туман ҳокимининг ташаббуси билан тадбиркор Иброҳим Болтабаев ҳомийлигида 140,0 млн. сўм ҳисобига маҳалла йиғини учун янги, замонавий, шинам бино барпо этилди ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан компьютер жамланмаси билан таъминлаб берилди.

– Янги бинода фуқароларимизга самарали хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган, - дейди МФЙ раиси Бекзодбек Муҳаммаджонов. – Бу, давлат томонидан қўйилаётган вазифаларни муваффақиятли бажаришга имконият беради.

Ўйлаймизки, мамлакатимизнинг тараққиёт йўлидан дадил одимлаётганидан далолат берувчи бундай хайрли ишлар бардавом бўлади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+