Наманганда “Яшил макон” лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда

02.03.2022 12:03:37

Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда бўлгани каби, вилоятимизда ҳам кенг қулоч ёймоқда. Ўтган йил кузда унинг биринчи босқичи доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилган эди. Об-ҳавонинг қулай келгани туфайли кўчат экишга февраль ойидаёқ киришилди. Мақсад - «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида беш йилда экиладиган бир миллиард кўчатга иложи борича салмоқли ҳисса қўшиш.

Бу хайрли ишда партиядошларимиз ҳам фаол қатнашмоқдалар. Яқинда вилоят Кенгашида ўтказилган йиғилишда шу йўналишдаги вазифалар аниқ белгилаб олинди. Лойиҳани амалга оширишда фаоллар, депутатлар кенг иштирок этишини таъминлаш вазифаси қўйилди. Улар айни пайтда барпо этилаётган боғ ва дарахтзорлар устидан жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширадилар.

Юқорида тилга олинган йиғилишда ”Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов ўз тажрибаси ҳақида сўзлаб берди. У нафақат яшаб турган ҳовлисида, балки кўчадаги бўш ерларга ҳам жами йигирма туп мевали ва манзарали дарахтлар экибди. Деҳқон фарзанди эмасми, уларнинг парваришини яхши йўлга қўйибди. Буларнинг ҳаммаси партиядошимизнинг умуммиллий лойиҳага қўшган ҳиссаси, деб баҳоланди. Бошқалар эса ундан ибрат олишга қарор бердилар. Эътиборли жиҳати – бундай мисолларни ҳар бир шаҳар ёки тумандан, барча маҳаллалардан келтириш мумкин.

 – Бугунги кунда вилоят партия тшкилоти таркибида 36 мингдан ортиқ аъзо бор, - дейди “Адолат” СДП фахрийси Ҳабибахон Мирабдуллаева. – Ҳаммамиз бир донадан кўчат эксак ҳам, каттагина боғ яратган бўламиз. Жилғалар қўшилиб дарё бўлганидай, умумхалқ  ҳаракати билан юртимиз боғ-роғларга бурканади. Бундай олийжаноб ишда қатнашиш ҳам фарз, ҳам қарз, деб ўйлайман.

Яқинда  Наманганда ташкил этилган  «Янги Ўзбекистон боғи»да ўтказилган республика кўргазмали семинарда иштирок этдим. Тадбирда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъуллари, олимлар, соҳа мутахассислари умуммиллий лойиҳага илмий ёндашув масалалари хусусида кенгашиб олдилар.

Вилоятимизда яшил майдонлар барпо этиш, боғ-роғ ва кўкаламзор ҳудудларни кўпайтириш жадал кетмоқда.   Давлатобод туманида тўрт ой илгари асос солинган «Янги Ўзбекистон боғи»даги саъй-ҳаракатлар бунга мисол. У 68 гектардан иборат. Ҳозиргача  30 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Боғда бундан ташқари 6,2 гектар жойда сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳи, муз саройи ва бошқа кўнгилочар масканлар қуриш кўзда тутилган.

Худди шундай боғлар бошқа ҳудудларда ҳам барпо этилмоқда. Тез орада улар ўлкамизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлабгина қолмай, аҳоли учун севимли ҳордиқ масканларига ҳам айланиши шубҳасиз.

Нурбек   АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат”СДП Наманган вилоят Кенгаши
Матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+