Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи Сурхондарёда иш бошлади

20.02.2020 18:02:17

Сурхондарё вилоятида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, партия томонидан сайловолди жараёнларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ҳамда ҳудудда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ иш бошлади.

Дастлабки учрашув Термиз шаҳридаги вилоят касаба уюшмалари фаоллар залида партия фаолиятини янада жонлантириш, сайловолди дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириладиган ишларни ОАВларда кенг ёритиш масалалари бўйича туман ва шаҳар Кенгашлари раислари билан амалий мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари, шаҳар ва туманлар Кенгашлари раислари, депутатлари ва БПТлар аъзолари иштирок этишди.

Учрашувни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев кириш сўзи билан очиб, тадбирнинг мақсад ва моҳияти хусусида иштирокчиларга атрофлича тушунтириб ўтди.

Шундан сўнг, партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга чиқиб, Президентимизнинг жорий йилги мурожаатномаси ҳамда партиянинг сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадлар ва вазифалар ижросини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, депутатлар учун ўқувлар ташкил этиш ва фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги юзасидан бир қатор таклиф ва фикрларни билдириб ўтди. Шунингдек, коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга эришиш партия вакиллари олдида турган долзарб вазифа эканлигига алоҳида тўхталди.

Тадбирда маърузачилар томонидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг янги “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти гарови” лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳани амалга ошириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар режаси йиғилганларга атрофлича тушунтирилди.

Айтиш жоизки, лойиҳанинг асосий мақсади жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, қадр-қимматига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Шу хусусда маърузачилар Олтинсой туманида юзага келган воқеаларнинг асл сабаби ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги оқибати эканлиги, шу нуқтаи назардан жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш -“шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиб, бунда партия вакиллари ҳамда депутатлар ҳар бир маҳалла кесимида сиёсий ўқувларни жонлантириши, юзма-юз мулоқотларда мунтазам ҳуқуқий тушунчалар бериб бориши лозимлигини таъкидлашди.

— Бугунги депутатнинг олдида жуда катта вазифа ва масъулият ётади,-деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Н.Умаров.— Айниқса, аҳоли мурожаатларини ижобий жиҳатдан ҳал этиш ҳар бир депутатдан билим, тажриба ва масъулиятни талаб этади. Бугунги ташкил этилган семинарнинг аҳамиятли жиҳати ҳам шунда бўлди. Аниқ ва мақсадли вазифалар барча депутатларнинг ташаббусини оширишга хизмат қилади албатта.

Тадбирда партия томонидан илгари сурилган долзарб лойиҳа ва ғоялар иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди. Партия лойиҳалари ижросини таъминлаш, аҳоли билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир якунида партия сафида самарали фаолият юритган партия вакиллари ҳамда депутатлар Сиёсий Кенгаш раиси Наримон Умаров томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+