Янгиликлар 3344
Наримон Умаров: “Бугунги ислоҳотлар кўлами иштирокчи эмас, ташаббускор бўлишни тақозо этмоқда”
Ҳозирда Ўзбекистон катта сиёсий жараён – Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Сайлов кодекси унгача амалда бўлган сайлов жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солган қонунлардан кескин фарқ қилади. Аввало, ушбу кодекс - демократик, очиқ, ошкора ва эркин сайловлар ўтказиш бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларини, ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳамда кадимий давлатчилик тарихига, ўзининг учмас ва сўнмас инсонпарвар, адолатли қадриятларига эга халқимизнинг ижтимоий адолат, бағрикенглик, сўз ва амал бирлиги каби ноёб ғоя ва қадриятларини ўзида мужассам этган.
Бугун замоннинг ўзи барчамиздан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори бўлишни талаб этаётган бир даврда, тан олишимиз керак-ки, биз ислоҳотларнинг асосий ижрочиси бўлиб, бошқаларга намуна кўрсата олмаяпмиз.
Жумладан, партиямиз ижтимоий адолат, суд хуқуқ, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб боради. Лекин ушбу соҳаларда, хусусан, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича олиб бораётган ишларимизни охирига етказа олганимиз йўқ десам муболаға бўлмайди.
Сайловолди дастуримизнинг лойиҳаси партиямизнинг барча бўғимларига етказилди ва аксарият фаолларимиз орасида муҳокамалар ўтказилди, таклиф ва мулоҳазалар берилди. Ижтимоий тармоқларда кенг таклифлар ифода этилди. Ҳар бир худудий кенгашларимизда кўпроқ электоратимиз фаолият олиб борадиган ташкилот ва муассаларда кенг мухокамалар ўтказилди, бунда фракция депутатлари фаол қатнашдилар. Эндиги вазифаларимиз билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Дастурни маромига етказиш, иложи борича халқ томонидан тушунарли, содда ва жозибали бўлишини таъминлаш даркор.
Биз аминмизки, партия электоратини ўйлантираётган муҳим муаммоларни кўтариб чиқиш, уни ҳал қилишнинг қонуний ечимларини излаш ўз-ўзидан партиянинг, депутатга номзодимизни нуфузини оширади, сайловчи ишончини мустаҳкамлайди.

Фикрингизни қолдиринг