Янгиликлар 1630
Наврўз яқин: “Осуда ҳаёт”нинг янги куни
Адирликлар бағрида жойлашган Андижоннинг Жалақудуқ туманидаги “Осуда ҳаёт” маҳалласида ободонлаштириш ишлари авжида. Ижтимоий ривожланиши паст бўлган бу ҳудудда яшовчи аҳоли учун қулай шароит яратиш, инфратузилма ҳолатини яхшилаш, қурилиш–таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида ҳар куни хашар. Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари мазкур ҳудудда бўлиб амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида амалдаги йилда аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари давом этишини таъкидлаган эди. “Осуда ҳаёт”да бошланган кенг кўламли ишлар бунга жавоб. Аҳоли хонадонларидан тортиб ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар обод бўлмоқда.
Бир вақтлар барча ҳавас қиладиган маҳалланинг энг қолоқ ҳудудга айланиб қолганидан маҳалла аҳли ташвишда эди. Давлат дастури асосида бошланган ҳаракат уларни қувонтириш билан бирга шижоат берди. Бошқалар келиб кўчамизни, хонадонимизни обод қилганда биз тамошабин бўлмаймиз, дея эрта тонгдан уйидан чиқмоқда. “Осуда ҳаёт”ликлар бу йилги Наврўзни бутунлай янги қиёфада кутиб оладилар.
175 та хонадонда яшовчи 1021 нафар аҳоли асосан чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Бироқ ичимлик ва оқава сув муаммоси уларни қийнаб келаётганди. Бу муаммо ўз ечимини топди. 2 та янги резеуар қурилди, сув минораси ўрнатилди. Икки йил аввал тортилган ичимлик сув тармоғи билан боғлиқ чала ишлар якунланди.
Оқава сув борасида ҳам энди муаммо бўлмайди. 2.1 км. янги тармоқ тортиш ҳисобига хонадонларга сув кириб борди. Томорқасидан фойдалана олмаётганлар хурсанд. Бунга жавобан чопиш ва экин экиш ишлари бошланди. Кўчаларга 1000 тупдан ортиқ мевали ва 5000 туп манзарали кўчатлар ўтқазилди. Ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона ташкил этиляпти. Ҳатто ижтимоий кўмакка мухтож 28 та оила хонадонида ҳам кредит ва ҳомийлик асосида иссиқхона қуриляпти. Натижада уларнинг бандлиги таъминланади.
-Очиғи маҳалламизда бу қадар тез ўзгариш бўлишига ишонмагандик,-дейди якка ёлғиз яшовчи Зухра она Чўтанова,-Яшаш хонадоним ҳомийлар томонидан тўла таъмирланди, ўз уйимни ўзим танимай қолдим. Саломатлигим яхши бўлмагани учун шифохонага ҳам имтиёзли йўлланма берилди. Бундай эътибор қаерда бор?
Электр таъминотини яхшилаш учун 2.1 км янги тармоқ тортилди, 81 та бетон устун ўрнатилди. Уларга қўйилган чироқлар тунда ҳам кўчаларга чирой бера бошлади.
Маҳалладаги ўзгаришларда масъул ташкилотлар билан бир қаторда тадбиркорлар ҳам фаол қатнашмоқда. Йиллар давомида фойдаланилмай турган Маданият маркази таъмирланяпти. Тадбиркор Хайрулло Халилов савдо мажмуаси ва автобекат қуриш ҳаракатида. Умиджон Ҳасанов эса нон цехи ва миллий хаммом яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Унинг бу лойиҳаси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, маҳалла ҳудудидан жой ажратиб берилди.
Собиқ агрофирма биноси кун сайин нураб бораётганди. “Осуда ҳаёт” МЧЖ раҳбари Нозимжон Жўраев бу жойда 100 ўринли тикувчилик цехи ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 30 нафар хотин-қиз иш бошлади. Тадбиркорнинг айтишича, Наврўз байрамига қадар 15 турдаги махсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ёшлар учун шу жойнинг ўзида “Устоз-шогирд” мактаби ҳам ташкил этилди.
Яна бир тадбиркор Достонбек Бўтаев ташаббуси билан иш бошлаган “Юлдузча келажаги” нодавлат мактабгача таълим муассасаси қаторидан қишлоқ врачлик пункти, маҳалла гузари, совуткич омбори ва ўйингоҳ ҳам ўрин олади.
Бу ҳали бошланиши. Яна қанча истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Асосийси, “Осуда ҳаёт” тез кунларда обод манзиллардан бирига айланади.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон
вилоят кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг