Янгиликлар 1747
Нега “Адолат”чилар Ҳукуматнинг жавобидан қониқмади?
Жаҳон пайдо бўлибдики, давлатлараро савдо-сотиқ, иқтисодий алоқалар ривожланиб келади, иқтисодий интеграциясиз тараққиёт йўқ. Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг ана шундай интеграция шаклларидан бири бўлмиш Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик масаласи кўп муҳокама қилинмоқда. Мутахассислар ушбу Иттифоққа аъзоликнинг Ўзбекистон учун ижобий ва салбий жиҳатларини чамалаб кўрмоқдалар, бунда Ўзбекистон нима ютадию, нима ютқизади, деган масала жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Масалага Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ўз позиицияларини билдирмоқдалар.
Шу муносабат билан, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати” ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов, Бош вазирнинг маслаҳатчиси К.Рашидов ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Молия вазири Т. Ишметов ҳамда бошқа вазирликлар, ташкилотлар ва муассасалар масъул ходимлари, мутахассислар ва экспертлар иштирок этган мазкур йиғилишда Ҳукумат аъзолари Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари аъзоларининг бир қатор саволларига жавоб бердилар.
Коронавирус пандемияси туфайли видеоконференцалоқа тарзида ўтган мазкур “Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувнинг ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджет, банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ривожланишига оид берилган саволларга ҳукумат аъзоларининг жавоблари тингланди.
“Ҳукумат соати”давомида “Адолат” СДП фракциясининг аъзолари ЕОИИ билан ҳамкорликнинг қатор ижобий жиҳатлари билан бирга айрим салбий жиҳатлари ҳам борлигига эътибор қаратдилар. Жумладан, ЕОИИ билан ҳамкорлик қисқа муддатли даврда Ўзбекистон учун айрим тармоқларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва иш ўринлари йўқотилиши, шу жумладан иттифоқ билан эркин савдо тўғрисидаги битимга эга мамлакатлар ҳисобига ижтимоий-иқтисодий хавф-хатарлар юзага келиши мумкин. Учинчи мамлакатлардан замонавий ускуна ва технологияларга нисбатан божхона имтиёзларини қўллаш орқали рағбатлантирилган инвестиция фаоллиги ва иқтисодиётни модернизация қилиш суръатлари пасайиши мумкин.
Яна тўлов баланси барқарорлигига, миллий валютага ва макроиқтисодий вазиятга салбий таъсири, ягона божхона тарифи қўлланилишининг республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналарни ва хомашё товарлари импорти ҳисобига йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширишни қийинлаштириши, айрим ҳолларда эса тўхтатиб қўйиши, учинчи мамлакатлардан контрабанда товарлари оқими кириб келиши хавфиҳам вужудга келиши мумкин.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари ЕОИИ билан ҳамкорлик шароитида Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантиришнинг истиқболларига оид муҳим савол билан мурожаат қилдилар. Маълумки, Ўзбекистон айни пайтда дори воситаларининг 90%дан ортиғини ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлардан импорт қилади. Шунингдек, ҳозирда тиббиёт муассасаларимиз тиббий техника билан етарли даражада таъминланмаганлиги ҳеч кимга сир эмас. Замонавий медицина жиҳозлари ва хом-ашёлар импортининг 95 фоизи учинчи давлатлар улушига тўғри келади.
Агарда ЕОИИга аъзо бўлиб кирадиган бўлсак, унда мамлакатимизда рақобатбардош маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тиббий техника воситаларини ўзимиизда ишлаб чиқариш анча мураккаблашади. Шундай бир шароитда мавжуд фармацевтика корхоналари барқарорлигини сақлаб қолишда давлатнинг кўмаги қандай бўлади, қанча миқдорда марказлашган инвестициялар ажратилиши керак, қандай кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилади?
Ушбу саволга Ҳукумат аъзоси жавоб беришга ҳаракат қилди. Бироқ Ҳукуматнинг бу борадаги аниқ ҳисоб-китоб ва таҳлиллари эга эмаслиги, хусусан, миллий ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ЕОИИ билан ҳамкорлик шароитига қанчалик мослаша олиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмаганлиги сабабли, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари қониқарли жавоб ололмадилар.
Агар юзага келиши мумкин бўлган вазиятни чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозирда Ўзбекистонда фармацевтика корхоналари, айниқса, эркин иқтисодий зоналарда жаҳоннинг ривожланган давлатлари билан фармацевтика ва тиббиёт ускуналари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этилаётганини кўришимиз мумкин.
ЕОИИга аъзо бўлинса, Россия, Қозоғистон каби давлатларидан дори воситалари, тиббий асбоб-ускуналар ва технологияларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, оммавий тарзда эркин кириб келиши юз беради. Ушбу ҳолат энди-энди оёққа тураётган миллий фармсаноатнинг ривожига тўсиқ бўлиши, маҳаллий ишлаб чиқаришнинг издан чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, кўплаб иш ўринларининг йўқотилишига, хорижий валютанинг четга чиқишига, фармацевтика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг самарасини пасайишига олиб келади.
Шу боис, фракция аъзолари ушбу принципиал масалада чуқур таҳлил ва ёндашув зарурлигни таъкидлаб, Ҳукумат аъзоларидан тўлиқ жавоб кутиб қолади.
Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг