Нега деҳқон бозорлари ортиқча даҳмазалар ва бюрократия ўчоғи бўлиб қолмоқда?

02.05.2020 14:05:01

Пандемия барча соҳаларни жиддий синовдан ўтказмоқда. Юзага келган вазият ислоҳотлар ўтказиладиган йўналишларни очиқ-ойдин намоён этмоқда. Айниқса, бугун қишлоқ хўжалиги ўзгаришларни амалга оширишда энг асосий соҳага айланмоқда. Айни шу масалада Президентимиз томонидан бир нечта йиғилишлар ўтказилди ва асосий йўналишлар барқарорлигини сақлаш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда жуда муҳим туртки бўлди.

Ушбу йиғилишда кўтарилган долзарб масалалар “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида ҳам муҳокама этилиб, депутатлар қайд этганидек, бугунги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимизга зарур маҳсулотларни етказиш, ўзимизда етиштирилаётган озиқ-овқатларнинг эркин сотилишини йўлга қўйиш жуда долзарбдир. Айниқса, юртимизда етарли ҳажмда етиштирилмайдиган маҳсулотлар майдонини кенгайтириш ғоят муҳим саналади.

Шунингдек, фракциямиз депутатлари аҳолига етарлича маҳсулотни реализация қилишга эътибор бериш, фракциянинг ҳукуматга мурожаати сифатида Агрофирма ва Томорқа хизмати тизимини кучайтириш орқали маҳсулотларни сотишни йўлга қўйиш таклифини илгари сурдилар. Шу билан бирга қишлоқ хўжалиги кластерларини ривожланиши бўйича давлат раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бозорларнинг барчасини хусусийлаштириш орқали давлат улушини бекор қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бугун долзарб аҳамият касб этмоқда. Аммо қишлоқ хўжалиги ерларидан ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишга бир қатор омиллар тўсқинлик қилмоқда.

Биринчидан, томорқадан самарали фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг асосий воситаси сифатида қаралмоқда. Шу боисдан бу бўйича аҳоли орасида кенг тарғибот ишлари олиб борилмокда. Қонунчилик палатасида ҳам томорқадан самарасиз фойдаланиш учун жавобгарлик белгилашни кўзда тутувчи қонун қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юборилди. Бугунги кунда Қонунчилик палатаси депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан биргаликда жойларда ўрганиш олиб бориб, уйма-уй юрган ҳолда аҳолига тушунтириш ишлари ҳамда амалий ёрдам берилмоқда. Қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг томорқага муносабати ўзгариб, илгари бўш ётган ерларга хам экин экилмоқда. Шу билан бирга экин парвариши ва маҳсулотни сотиш билан боғлиқ томорқачи олдида бир қатор муаммолар юзага келмоқда. Жумладан:

 Экинни суғориш учун сув етарли бўлган ҳудуд ва минтақаларимизда ҳам ўз вақтида сув билан таъминлашда муаммолар мавжуд. Бунда айрим  жойларда сув истеъмолчилари уюшмалар масъуллари сувни фақат фермер хўжалиги ерларига беришини, томорқага сув бериш кўзда тутилмаганлигини билдиришмоқда. Бу эса  айрим жойларда  коррупцион ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Шундан келиб чиқиб, томорқаларда ҳам сувдан эркин фойдаланишни ва бунинг учун масъуллар жавобгарлигини кўзда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар ва қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан аҳоли томорқаларининг сувдан фойдаланиши бўйича режа-жадвал ишлаб чиқиши ва бунда аҳоли розилиги олиниши таъминланиши лозим.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларини реализация килиш  бўйича ҳам қилинадиган ишлар кўплигича қолмоқда. Бир неча ой томорқасида меҳнат қилган, унга маблағ, куч сарфлаган аҳоли якунда етарли шароит яратилмагани сабабли ўз маҳсулотини сота олмаяпти ёки арзонгаровга бериб юборишга мажбур бўлмокда. Натижада томорқада экин эккан унчалик манфаат кўрмаяпти. Агарда маҳсулотини бозорга олиб борса, вақтинчалик патент олиш, маҳсулоти учун санитария рухсатномасини олиш, яна кимларгадир кўзда тутилмаган тўловларни тўлаши натижасида фойдасидан кўра зарари кўпайиб кетмоқда. Шунинг учун фракция депутатлари томорқада етиштирган маҳсулот сотувини ташкил этишни агрофирмалар ва “Таморқага кўмак” хизматлари зиммасига юклатилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар.

Бугун бозор деҳқонлар маҳсулотини сотиш учун жозибадор маскан эмас, ортиқча даҳмазалар ва бюрократия ўчоғи бўлиб қолмоқда. Шу боисдан Президентимиз йиғилишда бозорлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу бўйича бозорларда томорқачилар учун алоҳида павилонлар ажратиш ва турли хил бюрократик тўсиқларни бартараф этиш лозим деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга барча бозорларни хусусийлаштириш зарур, хозирдаги аксарият бозорларнинг  давлат улуши 51 фоизлигидан воз кечиш даркор. Хусусий деҳқон бозорлари фаолиятидан олинадиган даромад ҳам давлат қарамоғидагилардан камида 5 баробар юқори эканлиги статистик маълумотлар тасдиқламоқда.

Иккинчидан, ўтган йилларда ўзини етарли даражада оқламаган фермер хўжаликларини ўзаро бирлаштириш натижасида кластерлар ташкил этилди. Маҳсулот етиштиришдан қайта ишлаб бозорга етиштиришни кўзда тутувчи ушбу тизим ҳали тўлиқ ишга тушиб кетгани йўқ. Бунинг сабаби маҳсулот етиштирувчи деҳқонларга бўнак пуллари ва маҳсулот реализациясидан сўнг кўзда тутилган даромад ўз вақтида берилмаяпти. Натижада деҳқоннинг ишдан кўнгли совиб, етарли хосилдорлик таъминланмаяпти.

Бу бўйича ҳам кластерлар тизимида деҳқонлар ва оддий ишчилар манфаатдорлигини қонун билан таъминлаш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга кластер тизимида деҳқон ва маҳсулотни қайта ишловчи ўртасидаги муносабатларни ҳар икки томон учун манфаатли кўринишга олиб келиш керак. Бунда ҳозир жойларда ташкил этилаётган кооперативлар тажрибасидан фойдаланиш лозим.

Бугун ушбу соҳа аҳоли бандлигини ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминловчи асосий соҳага айланган мазкур йўналишда қилинадиган ишлар ҳам етарлича. Соҳани халқ эртасини белгилашини инобатга олган ҳолда барча бир ёқадан бош чиқариши ва ислоҳотлар ташаббускорига айланиши керак.   

 

Дилрабо ХАЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+