Янгиликлар 3687
Никоҳланувчилар учун тиббий кўрик аҳамиятсиз бўлиб қолмоқда
Касбим шифокор бўлганлиги учун кунига минглаб беморлар билан мулоқотда бўламан. Уларнинг дардига шифо топиш асосий вазифамдир. Албатта, асосан, аёллар билан ишлайман. Айниқса, ёш ва бўлажак оналарнинг менга турли касалликлар билан мурожаат қилганликлари жуда ачинарли ҳолатдир. Бунга асосий сабаб – оила қуриш арафасида турган ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлигида. Аммо қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, айни мана шу масалага биз ҳам, оила раҳбарлари ҳам гўё эътиборсизлик билан қараб тургандек.
Аслини олганда, тиббий кўрикдан ўтиш келажакда оила саломатлигини таъминлаш ҳамда фарзандларнинг соғлом дунёга келишига хизмат қилади. Аммо бўлажак келин-куёвларнинг ота-оналари фарзандларининг саломатлигига эътибор бермай, аксинча уларни жар ёқасига бошлашади. Оқибатда тўйдан кейин минглаб можаролар келиб чиқади. Шунинг учун дастурда тиббий кўрик масаласига жиддий ёндашиш керак. Ушбу муҳим масъулиятни қонун йўли билан белгилаб қўйиш айни муддаодир. Яъни, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтмаганлари жавобгарликка тортилсин. Улар бунга лойиқ. Юртимизда миллионлаб болажонларимизнинг касаллик билан туғилаётганликларига сабаб ҳам шундай беэътибор одамлардир.
Соғлом жамиятнинг асоси соғлом оила экан, бунга барчамиз масъул бўлишимиз керак. Мажбурий тиббий кўрикни қайта кўриб чиққан ҳолда, жиддий ёндашиш вақти аллақачон келди.
Нодира ХОЛОВА,
Бухоро вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик маркази директори,
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг