Ногиронлиги бўлган шахсларга ажратиладиган нафақалар миқдори етарлими?

22.07.2024 16:07:27

Албатта, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган ягона имтиёзларнинг рўйхати 120 га яқин. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун ОТМда давлат гранти асосида қўшимча қабул квотаси ажратилиши белгиланган. Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларнинг уйида ҳамда ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган стационар муассасаларида қонунчиликда белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади. Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ногиронлиги бўлган ёшларга БҲМнинг 50 бараваригача (17 млн сўмгача) субсидия ажратилиши, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулк 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан, ер солиғидан озод қилиниши, уй жой олинишида, бандлигини таъминлаш масалаларида, ва яна бошқа соҳаларда ҳам бир қатор имтиёзлар қонунчилигимизда кўзда тутилган.

Аслида мен ногиронларга ажратилаётган нафақалар етарли деб ўйлар эдим, ҳаттоки имтиёзлар жуда кўп берилганлиги ҳақида ҳам фикрларим бор эди. 2024 йилнинг февраль ойига қадар шундай ҳисоблар эдим. 5 февраль куни эрталаб ишхонада йиғилишдан сўнг раҳбаримиз ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олишимизни, шу ҳафта давомида, ҳар бир туман ва шаҳардан 5 та манзилга кириб чиқишга улгуришимиз лозимлигини таъкидлади.

Партиянинг туман, шаҳар Кенгаши раислари, депутатлари билан маслаҳатлашиб борадиган манзиллар рўйхатини шакллантирдик. Дастлабки Пастдарғом туманидан бошланган манзилимизни, Иштихон туманидаги учрашув билан якунладик. Хонадон аҳли билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тингладик, мутасаддилар билан боғланиб кўтарилган масалалар юзасидан суҳбатлашилди. Хуллас, қай бир туман ёки шаҳарга борилмасин хонадон аҳлининг мурожаати ижобий ечим топиш йўлида изланилди. Ҳомийлар кўмагида дори-дармон воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Одатда бу каби хайрли тадбирлардан сўнг қушдек енгил бўлиб, ғайратимизга ғайрат қўшилгандек бўларди, аммо, бу сафар ундай бўлмади ишхонага қайтгунча йўлда ҳамма жим, бир сўз демасдан келди.

Баъзан аҳоли билан учрашувлар чоғида тўрт муччаси соғ-саломат, забардаст ўғил фарзандлари бор, топиш-тутиши ўзига етиб турган бўлсада бепул уй-жой, моддий ёрдам сўраётганларни ҳам кўрдик. Лекин моддий қийин аҳволда яшаётган бўлсада, борига сабр қилиб, қўни-қўшни, маҳалла аҳлидан ҳаё қилиб, давлат идораларидан бирор нарса талаб қилишга ийманиб турган, аслида яшаш тарзи бир аҳволдаги инсонларга гувоҳ бўлдик. Энг аввало улардаги бир хислат оллоҳ берган синовни чиройли сабр билан енгаётганларини кўриб таҳсин айтасиз. Бирор бир муаммоингиз борми деб сўралганида ийманибгина дори-дармони учун ёрдам сўраганлари ҳам бўлди. Баъзилари эса ҳамма нарсаси етарли эканлигини, давлатимиз томонидан шарт-шароитлар яратиб берилаётганидан мамнунлигини изҳор этишди.

Иштихон туманида бўлганимизда «Муродобод» маҳалласида яшаб келаётган, 1-гуруҳ ногиронлари Тоҳир Норбеков ҳамда Замира Норбековаларнинг ҳолидан хабар олдик. Уларнинг ёлғиз боқувчиси Ўктам Норбековнинг икки нафар вояга етмаган фарзанди бор, турмуш ўртоғи опасига, ўзи укасига қараётганлиги туфайли бирор жойда ишлай олмасдан келяпти. Иродам етганча жигарларимнинг дардига малҳам бўлишга ҳаракат қилиб келяпман, — дейди У.Норбеков. — Худо берган дард, ноиложмиз. Бироқ, доимий равишда харид қилаётган дориларимизнинг нархи ҳам анча баланд. Ногиронлик нафақа пулларини мунтазам олиб турибмиз, аммо у ҳам етмайди. Шифокорлар келиб, ҳолимиздан хабар олиб турибди, лекин зарур дориларни олишга ҳамма вақт ҳам имконимиз бўлмайди.

Депутатлар томонидан тегишли ташкилотлар билан боғланилиб, фуқарога шу куннинг ўзида дори-дармон воситалари, моддий ёрдам ҳомийлар кўмагида етказилди. Кетар чоғимизда Т.Норбеков шу ёшга қадар Самарқандни икки маротаба кўргани, агар имкони бўлса акаси ва ўзи учун санаторияга йўлланма олиб беришини суради. «Акам билан дам олиб, даволаниб келсак. Акам ҳам хурсанд бўлсин дейман. Бизга қарайман деб қийналиб қолдилар» дейди Т.Норбеков. Фуқаронинг мурожаати асосида партия вилоят Кенгаши раиси Ҳ.Оқбутаев мутасадди ташкилотлар билан суҳбатлашди, масала ижобий ҳал этиладиган бўлди. Аммо орадан кўп фурсат ўтмай санатория учун йўлланма қолиб кетди, Т.Норбеков саломатлиги ёмонлашиб вафот этгани хабарини олдик.

Бундан ташқари аҳоли мурожаатларини ўрганиш чоғида ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар томонидан коммунал туловларни тўлаш учун ҳам амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар бўлди.

Самарқанд вилоятида 11737 нафар 1-гуруҳ ногиронлари бўлса, уларнинг 335 таси туғма ногиронлар рўйхатида туради. Айни ана шундай 1-гуруҳ болаликдан ёки туғма ногирон бўлган шахсларнинг ойлик нафақаси миқдорини ошириш керак деб ҳисоблайман, чунки 1-гуруҳ ногиронлари учун дори-дармонини ўзига талайгина пул сарфланади. Бундан ташқари унинг озиқ-овқати, кунлик эҳтиёжлари учун ҳам сарф харажатлар зарур. Амалдаги 893.000 сўм камлик қилади. Шу билан бирга, 1-гуруҳ ногирони бўлган, Темир дафтарда рўйхатда турувчи оилаларнинг фарзандлари учун жамоат транспортларидан имтиёзли фойдаланиш имкониятини яратиш, айни шу тоифадаги шахслар учун коммунал туловларига имтиёзлар киритилиши лозим.

 

Лола Сайидова,
«Адолат» СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+