Янгиликлар 2567
Ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишнинг шаффоф тизими яратилади
Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги тўрт йилда мамлакатимиздаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари фойдаланишига ихтисослашган 27 та тиббий-ижтимоий муассасада 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўринлар фойдаланишга топширилди.
Санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати эса 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.
Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, болаларни реабилитация қилиш, тўлақонли ҳаёт тарзини юритишига кўмаклашиш ҳамда имкониятларини ошириш учун уларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Эндиликда, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим-тарбия олишига бўлган эътибор тубдан ўзгариб, мактабгача ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларни замонавий эшитиш мосламалари билан таъминлаш орқали мослаштирилган (адаптив) ўқув тизими жорий этилади.
Шунингдек, кохлеар имплантатларини ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказишдан олдин ва ундан кейинги реабилитация жараёни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ бепул тарзда амалга оширилади. Болаларни туғма, патологик ва орттирилган суяк-мушак тизимидаги ўзгаришлар ва деформацияларни даволаш учун зарур бўлган тиббиёт буюмлари ва эндопротезлар билан узлуксиз таъминлаш, жумладан, экзоскелет ускунасини олиб кириш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг одатий ҳаётга мослашувини тезлаштириш, бош миядаги патологик ўзгаришлар билан туғилган болаларнинг, шунингдек, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва ўсмирлардаги туғма юрак нуқсонларининг жарроҳлик амалиётини ўтказиш жараёнлари ҳам давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Кўзи ожиз болалар ва катталар ҳаёти учун зарур бўлган техник воситалар, жумладан, овозли термометр, овозли тонометр ва йиғма Брайл алифбоси билан босқичма-босқич таъминланади. Шу билан бирга, 2021 йил якунига қадар 2 минг дона замонавий эшитиш мосламалари харид қилиниб, улар ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган эшитиш қобилияти заиф бўлган болаларга етказиб берилади. Жорий йилда харид қилиниши режалаштирилган 260 та кохлеар имплантатларига қўшимча равишда яна 355 та кохлеар имплантатлари харид қилиниб, улар 5 ёшгача бўлган болаларга жарроҳлик амалиёти орқали бепул ўрнатилади.
2021 йилда қўшимча 2 минг нафаргача, 2022 йилдан бошлаб эса ҳар йили 3 минг нафаргача болага туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бу каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг давлат томонидан бепул ўтказилиши минглаб оилаларга қувонч ва бахт олиб киради. Миллонлаб доллар тўплаб чет элдаги касалхоналар эшигида сарсон-саргардон бўлиб юришининг олди олинади.
Қувонарлиси, қарор билан яна бир қатор бу каби ғамхўрлик намуналари белгилаб берилмоқда. Жумладан, ҳар йили камида 110 нафар бемор бола учун транспедикуляр тизим (фиксаторлар) тўпламларини харид қилиш, йилига ўртача 1 000 нафар болага туғма ва патологик сон чиқишини жарроҳлик амалиётлари орқали даволаш учун зарур металл конструкцияларини сотиб олиш ҳамда йилига 140 нафар бемор болада кўкрак қафаси деформациясини даволаш учун 150 та махсус пластиналарни харид қилиш ва ўрнатиш каби хайрли ишлар ҳам давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар оғир ва фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион лойиҳаси амалиётга жорий этилиб, 2021 йилда 5 мингтагача ва 2022-2023 йилларда 12 мингта махсус функцияга эга бўлган “ақлли” соатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли тоифадаги шахсларга бепул етказиб берилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 майга қадар протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситаларига муҳтож бўлган шахсларнинг шаффоф электрон навбат тизимини таъминлайди “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ишга туширилади.
Хулоса қилиб айтганда, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифати янги босқичга олиб чиқилиб, шаффоф тизим яратилади. Барча шахсларга ўз қобилиятларини намоён этишлари учун ўз вақтида зарурий тиббий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади.
Мавлуда АДХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияи аъзоси
Фикрингизни қолдиринг