Янгиликлар 351
Номзод дастурида фуқароларни ўйлантираётган ҳаётий масалалар албатта ҳисобга олиниши керак
“Адолат” социал-демократик партияси томонидан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодлар учун семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда номзод сайловолди дастурининг тайёрланиши, партия дастурида илгари сурилаётган асосий ғоялар, номзод дастурини тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўлган омиллар, ташвиқот олиб бориш шакллари, омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, сайлов комиссиялари иши каби масалалар иштирокчилар диққат марказида бўлди
Семинар-тренингда вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлар, партия фаоллари, хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар Иттифоқи вакиллари, БПТ раислари қатнашди.
Семинар-тренинг иштирокчилари дастлаб партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Руиддин Рауповнинг “Демократик жамиятда сайловлар: ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб, номзоднинг сайловолди дастурини тайёрлашда эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар” мавзусидаги маърузасини тингладилар.
-Мамлакатимизда сайлов қонунчилиги 1991 йилдан эътиборан такомиллаштириб келиняпти,-деди Руиддин Раупов,- Бугун замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Шундай экан, депутатликка номзодга қўйиладиган талаблар ҳам бошқача. Энди депутатликка номзоднинг сайловолди дастурида сайлов округида умргузаронлик қилаётган фуқароларни қизиқтираётган ҳаётий масалалар албатта, ҳисобга олиниши керак. Жойлардаги айрим муаммоларни фақат давлатнинг ёрдами билан эмас, балки сайловчиларнинг шахсий ташаббуслари орқали ҳам ҳал этиш имконияти бўлади. Шундан келиб чиқиб, Жойлардаги муаммоларни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди Дастури билан таққослаб кўриш лозим бўлади. Депутатликка номзод ўз маҳалласида одамларни ўйлантириб келаётган масалалар, партия дастурида бу борада илгари сурилган ғоялар ва сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни албатта ҳисобга олиб ўз дастурини тузиши лозим.
Қайд этилдики, бу йилги сайловлар аралаш тизими асосида, янги ҳуқуқий шароитда ўтказилади. Шундай экан, демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият турибди. Албатта, ҳар бир сиёсий кучнинг сайлов жараёнидаги таъсири ва салоҳиятини кўп жиҳатдан депутатликка номзодлар белгилайди. Нафақат партиянинг дастури ва Сайловолди дастури, балки депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури ҳам ҳар томонлама аниқ, пишиқ ва пухта бўлиши, сайлов округидаги муаммоларни ўзида акс эттириши талаб этилади.
Семинар-тренингда партия Сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти, илгари сурилаётган асосий ғоялар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев маъруза қилди.
-“Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида партия ҳуқуқий, ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган демократик давлатни барпо этиш ғоясини илгари суради,-деди Таваккал Чориев.- Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва адолатли жамият ҳамда адолатпарвар давлат қуриш йўлида тинимсиз ишлар олиб бораверади. Қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш бугунги кундаги бош мақсадимиздир. Янги Ўзбекистонда сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолият юритишларига аралашмаслик ғояси ҳам илгари сурилмоқда.
Иқтисодиётни ривожлантириш, “Кўп топган кўп тўлайди” солиқ сиёсатини юритиш зарур. Шу билан бирга кучли ижтимоий сиёсатни йўлга қўйиш, халқимиз саломатлигини янада яхшилаш йўлида хусусий шифохоналарда давлат назоратини йўлга қўйиш ҳам партиямиз дастурида муҳим вазифа сифатида белгиланган. Оилаларда гендер тенгликка эътибор қаратиш, она табиат мусаффолиги ва экологик муаммоларни бартараф этиш, ривожланишга жиддий тўсиқ бўлаётган коррупцияга барҳам бериш устувор вазифаларимиздан бири эканлиги дастурда аниқ тиниқ ифода этилган. Таълим, соғлиқни сақлаш, тинчликсевар прогрессив ташқи сиёсат юритиш, жаҳондаги ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик асосий мақсадимиздир.
Семинар-тренингда партия вакиллари томонидан сайловолди дастур мазмун моҳияти, асосий ғоявий мақсад ва йўналишлари кенг тушунтирилди. Партия бош ғоясидан келиб чиқиб, номзодлар сайловолди дастурида ҳаётимиз кун тартибида турган муаммолар ҳисобга олинишига эътибор қаратилди. Дастурда ижтимоий адолат мезонлари ва демократик қадриятлар асосий ўринни эгаллаши эътироф этилди.
-Сайловда фаровон келажак учун овоз беринг,-деди “Депутатликка номзодларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ” мавзусида маъруза қилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Таваккал Чориев.- .-Сайлов компаниясига старт берилгандан буён Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз Сиёсий ва Сайловолди дастурини ишлаб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга фаол қатнашиш учун айни дамларда катта тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Бугунги семинар-тренингда ҳам асосан жорий йилда бўлиб ўтадиган сайлов жараёни, сайловолди ташвиқоти, ОАВлари билан самарали ҳамкорлик, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча саволларингизга мухтасар жавоб оласиз.
Семинар – тренингда Иқтисодиёт ва педагогика университети “Тарих ва ижтимоий фанлар” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Саходат Муртозаева ва партия вилоят Кенгаши матбуот котиби Комил Сахатовларнинг ҳам кун тартибидаги масала юзасидан қилган маърузалари кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Семинар -тренинг қизғин баҳс-мунозаралар ва фойдали мулоқотларга бой бўлди.
-Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси саъй ҳаракати билан ташкил этилган семинар-тренинг биз депутатликка номзодлар учун жуда фойдали бўлди,- деди биз билан мулоқотда Шаҳрисабз шаҳридан семинарда иштирок этган Самариддин Зайнуддинов.- Бу йилги аралаш тизими асосида ўтадиган сайловларда иштирок этиш, қолаверса, сайлов қонунчилигига киритилган кўпгина ўзгаришлардан воқиф бўлдик. Бундан мамнунмиз.
-Мен “Адолат” СДПнинг Муборак туман Кенгаши раиси сифатида фаолиятимни бошлаганимга ҳали унчалик кўп вақт ўтмади.,-дейди Замира Расулова.- Шу сабабли ҳам семинар-тренинг мен учун жуда аҳамиятли бўлди. Партиямизнинг ҳаракат йўналишини белгилаб берувчи беш йилга мўлжалланган Сайловолди дастурида сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташқи сиёсат масалалари қамраб олинганлигидан воқиф бўлдим. Бугунги семинар-тренингда сайловчилар билан муносабатларда одоб ахлоқ қоидалари, ОАВлари билан муносабатларда фойдаланиладиган тактикалар юзасидан етарли кўникмаларга эга бўлдик. Сайловда партиямиз томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг кўпроқ овоз олишлари учун барча чора-тадбирларни кўрамиз.
Семинар-тренинг иштирокчилари кенг тушунчаларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг