Номзод хивалик сайловчилари билан учрашди

20.12.2021 10:12:05

Бўшаб қолган Хива шаҳар 7-Тозабоғ сайлов округидан Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига “Адолат” СДПдан номзоди кўрсатилган партиянинг вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палвановнинг хивалик сайловчилари билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашувни партия вилоят Кенгашининг депутатлар билан ишлаш бўйича  ижрочи котиби Жамолбек Абдуллаев кириш сўзи билан очиб, сўз навбатини номзод- Т.Палвановга берди.

Номзод сайловчиларга байрамона кайфият улашиб, номзод сифатида ўзининг мақсадларини сайловчилар эътиборига ҳавола этди.

Таъкидланишича, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” да рўйхатда турган фуқароларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш, ёшларни бандлигини таъминлаш, йўл ва бошқа соҳадаги  муаммоларни қонун доирасида ижобий ҳал этиш орқали сайловчиларнинг яшаш шароитини юқорига кўтариш номзоднинг  устувор мақсадлари ҳисобланади.

Номзоднинг сайловчилар билан самимий, дилдан мулоқоти сўнгида савол, жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олди.

Сайловчилардан  1973 йилда туғилган Марҳабо Жуманиёзова беш йилдан буён бел чуррасидан азият чекиб, юра олмаётгани тўғрисида, Ислом Абдуллаев Ал-Хоразмий кўчасида сув қувури ёрилиб, анчадан бери қаровсиз ётгани тўғрисида, Баҳодир Каримов  “Бинокор” маҳалласидаги хонадонлардан чиққан чиқиндилар вақтида олинмаётгани, Афғон уруши қатначиларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаниш учун ордер олишда оворагарчиликка сабаб бўлаётган  хужжат йиғишга  барҳам бериш ва бошқа муаммоли масалалар тўғрисида баён этиб, амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат этишди.  

Номзод мурожаатларни эътиборга олди ва тегишли ташкилот раҳбарлари билан ўрганиб муаммолар ижобий ечим топишини билдирди.

Мулоқот қизғин тус олган учрашув сўнгида иштирокчиларнинг қизиққан саволларига номзод батафсил жавоб берди.

Сайловчилар соғлом яшаш  учун  тиббиёт соҳасидан ўринли ва муносиб  номзод қўйилгани тўғрисида эътироф этишди.

Шундан сўнг Т.Палванов бошчилигидаги фаоллар юқорида номи  қайд этилган бемор Марҳабо Жуманиёзованинг ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг хонадонига ташриф буюришди. Дилдан суҳбат қурилди, яшаш шароити ўрганилди ва тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилди.

Бир сўз билан айтганда, партия фаолларининг бу каби саъй-ҳаракатлари, сайловчиларнинг кўпдан ўйлантириб келаётган муаммоларини бартараф этиш орқали  Янги Ўзбекистонимизни соғлом халқимиз билан қуришда хизмат қилиши шубҳасиздир.                                                                                   

                                                                                              Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                             “Адолат” СДП

                                                                              Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

         

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+