Янгиликлар 319
Номзод ва сайловчилар учрашуви: сиёсий фаоллик сари дадил қадам
Сайлов – жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқаролик позициясини намоён этиш ва маҳаллий вакилллик органлари таркибини фаол жамоатчи, билимдон, замонавий дунёқараш эгаси бўлган халқ вакиллари билан қайта бойитиш имкониятидир. Бу жараёнда ҳар бир сайловчи ўрни катта бўлиб, уларнинг сиёсий фаолияти бутун жамиятнинг ривожланиши учун муҳим омил ҳисобланади. Боиси сайловда овоз бериш, нафақат ҳуқуқ, балки масъулият ҳам, албатта. Сайловда иштирок этиш, ўз овозини бериш орқали фуқаро мамлакатнинг эртанги кунини белгилайди. Шу сабабли, номзодларнинг сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари катта эътибор талаб қилади.
12-Бухоро сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига номзод сифатида сайловда иштирок этаётган Феруз Хусенов ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, ўз сайловолди дастури билан халқни яқиндан таништиришда давом этмоқда. У сиёсий майдонда фаол қатнашиб, аҳолининг сиёсий қарашларини шакллантириш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш орқали келгусидаги режалари ва вазифаларини аниқ белгилаб олишни мақсад қилган. Учрашувлар давомида сайловчиларнинг таклифлари эшитилиб, уларга жавоб бериш орқали номзоднинг сайловолди дастури янада бойитилмоқда.
Номзод билан учрашув аввалида унинг ишончли вакили томонидан Феруз Хусеновнинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, сиёсий тажрибаси ва жамият учун қилган ишлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Бу эса сайловчилар учун номзод билан янада чуқурроқ танишиш имконини берди. Вакилнинг маълумотларига кўра, номзоднинг фаолияти ҳар доим фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг эҳтиёжларига мос сиёсий қарорлар қабул қилишга қаратилган. Феруз Хусеновнинг сайловолди дастури кенг кўламли ва замонавий ислоҳотлар асосига қурилган. Жумладан, дастурда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳасини амалга ошириш таклифи илгари сурилган. Бу лойиҳа олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларининг иш билан таъминланишини кафолатлаб, ёшлар ўртасида ишсизлик даражасини камайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларига тарбияланувчиларни қабул қилиш жараёнини яхшилаш учун “очиқ онлайн рўйхат” тизимини жорий этиш таклиф қилинган. Бу орқали ота-оналар ўз фарзандларини электрон тизим орқали тез ва осон рўйхатдан ўтказишлари мумкин бўлади. Шунингдек, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг техник билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “робототехника” фанини жорий этиш ҳам дастурда алоҳида эътибор қаратилган жиҳатлардан биридир. Олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойи масаласи ҳам дастурда муҳим ўрин тутади. Ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида талабалар сонига мос келадиган турар жойларни қуриш орқали уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш назарда тутилган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ва “Ақлли тиббиёт” тизимини яратиш орқали аҳолининг соғлиғини янада самарали назорат қилиш режалаштирилмоқда.
Бу йўналишларда рақамли технологиялар, хусусан, “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимларини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Номзоднинг соғлиқни сақлаш соҳасига оид ташаббуслари ёш авлоднинг саломатлигини сақлаш ва соғлом жамият барпо этишга қаратилган бўлиб, бу борада 9-14 ёшли болаларни ҳар йили давлат маблағлари ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилган.
– Бугунги сайлов жараёни барчамиздан фаолликни талаб этади. Ҳар бир фуқаро овоз беришдан аввал номзоднинг сайловолди дастури билан чуқур танишиб, ўз мулоҳазаларини билдириши лозим, -дейди сайловчи Хумоюн Рустамов. – Депутат халқ муаммоларини амалий тарзда ҳал эта олиши билан халқ ишончини қозонади. Шу боис, ҳар бир сайловчи ўз танловида адашмаслиги керак. Бугунги учрашув кўплаб фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди ва уларнинг сиёсий қарашларини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.
Учрашув давомида номзод Хусенов сайловчиларнинг саволларига жавоб бериш билан бирга, уларнинг муаммоларини яқиндан ўрганди. Фуқаролар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва эътироз диққат билан тингланиб, уларга батафсил ва асосли жавоблар қайтарилди. Номзоднинг дастурига киритилган инновацион таклифлар кўплаб фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланди.
“Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг