Янгиликлар 3104
Номзодлар захирасини шакллантириш осон кечмоқда, чунки хайрихоҳлар кўп
Ўтган йиллар давомида партиямиз ўз олдига қўйган дастур ва мақсадларига эришишга ҳаракат қилиб келмоқда. Ютуқлар оз эмас, аммо имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланмаётганимиз асосий камчиликларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Шундай бўлса-да, сайловчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишларимиз туфайли халқ ичига чуқурроқ кириб бора олдик, аҳоли ўртасида партияга ишонч ортмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ҳам бу борада муносиб ҳисса қўшишга интилиб, ҳар бир саъй-ҳаракатида аниқ натижаларга эришмоқда. Партия ғоялари асосида халққа манфаат етказиш, сайловчилар ишончини тўла қозониш партия депутатлари ва фаолларининг мақсадига айланган.
Ўтган галги сайловларда олдимизга қўйган вазифаларимиз кўпчиликка манзур бўлиб, амалий ишларимизда яққол акс этди. Вилоятимиз аҳолиси партиямизни яхши таниб, бизга хайрихоҳлик билдирмоқда. Хусусан, “Адолат” қабулхонасига мурожаат этиб келаётганларнинг аксарияти Ўзбекистон “Адолат” социал-демоқратик партияси лойиҳалари билан таниш эканлигини айтиб, кўпчилиги сафимизга қўшилмоқда. Бунда партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида аҳоли билан бевосита юзма-юз мулоқотлар, аниқланган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга кўмаклашилаётгани муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
Бўлғуси сайловда депутатликка номзодлар захирасини шакллантиришда қийинчилик сезилмаётганлиги ҳам ана шу хайрихоҳлик туфайлидир.
Тарихга назар солсак, халқ азал-азалдан адолат қарор топиши учун тинимсиз курашганини кўрамиз. Партиямизнинг ягона мақсади ҳам адолатни тарғиб этиш, адолатли жамиятнинг қарор топишига эришишдир. Бу ёндашувларимиз, ўзига хос йўналишдаги принципларимиз янги дастурларимизда ҳам ўз аксини топади.
Шунингдек, олдинги тажрибалардан хулоса чиқариб, бу йилги сайловларда маҳаллий Кенгашларда депутатлик ўрнини кўпроқ эгаллаб, юқори натижаларни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят кенгаши раиси

Фикрингизни қолдиринг