Нукусда ҳам партия Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

26.08.2024 20:08:47

Ҳар бир сиёсий партиянинг сайловларда фаол иштирок этиши халқчил, демократик принципларга жавоб берадиган сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, уни аҳолига тақдим этиш ва кенг тарғиб этишга узвий боғлиқдир. Шу мақсадда  Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам жойларда ўз сайловолди дастурлари лойиҳасининг жамоатчилик эшитувлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳаси хизматчилари, педагоглар, шифокорлар, илмий ва инженер-техник ходимлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, шунингдек келажагимиз бунёдкори ҳисобланган ёшларни ўз электорати деб билади. Шу боис партия ўзининг янги сайловолди дастурида ҳам айнан ушбу қатлам, шу билан бирга ҳар бир ватандошимизнинг манфаатидан келиб чиқиб халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган, халқимизни ўйлантириб келаётган кўплаб долзарб масалаларнинг ечими бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси ташаббуси билан партиянинг Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган оммавий эшитув тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қаипбергенов ҳамда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, туман  ва шаҳар кенгашлари ходимлари, фаоллари, депутатлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Ушбу тадбир мамлакатимизда 27-октябрь санасида ўтказиладиган сайловлар олдидан партиянинг Сайловолди Дастури лойиҳасини такомиллаштириш, аҳоли вакилларидан кўпроқ таклифлар олиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Ислом Ҳамраев Сайловолди Дастур лойиҳасини тадбир иштирокчиларига таништирди.

- Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш бир йил давомида амалга оширилди. Бунда "Халқдан олиб, халққа берамиз” шиори остида халқимиз орасидан йиғиб олинган 20 мингдан ортиқ таклиф ва ғояларга, партия Устави ва шу пайтга қадар қабул қилинган асосий дастурларнинг танқидий таҳлилига, 150 дан ортиқ хорижий давлатдаги социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатларнинг тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилди.- дейди Ислом Ҳамроев.

Дастурда шунингдек Коррупцияга қарши кураш, дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш, “Ақлли тиббиёт” тизимини ишлаб чиқиш, тиббиёт соҳасини такомиллаштириш, судьяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, меҳнат, солик, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини яратиш, олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун “кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳасини амалга ошириш, пиёдалар йўлларида имконияти чекланган ногирон инсонлар  учун тенг шароитлар яратиш, хотин-қизларга қарши зўравонликларнинг олдини олиш, ёшларга оид давлат сиёсатини ривожлантиришга боғлиқ устувор мақсад ва вазифалари белгиланган.

Тақдимот сўнггида иштирокчиларнинг сайловолди дастури бўйича фикр ва мулоҳазалари  эшитилди, янги таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди. Билдирилган таклифлар экспертлар томонидан ўрганиладиган бўлди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП
Қорақолпоғистон Республикаси Кенгаши
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+