Янгиликлар 1490
Нурли ва чароғон келажак сари
Барчамизга маълумки, жорий йил 24 март куни пойтахтимизда Тошкент инвестфоруми ўз ишини бошлади. Илк маротаба ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форумига 1500дан зиёд меҳмон таклиф қилинди. Форумнинг очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, инвесторларга шахсан кафолат беришини таъкидлади. Кун давомида, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги энг йирик ИЭСлардан бири қурилишига старт берилиши эса, том маънода тарихий бурилиш бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Жамият равнақига кучли туртки берувчи омиллар, албатта дадил ташаббуслардан куч олади. Иқтисодиёт ривожи эса ана шу ташаббусларнинг тўла тўкис амалга ошишини таъминлайди. Иқтисодий тараққиёт ўз навбатида инвестициялар, қулай сармоявий муҳитдан қувватланади. Бошқача айтганда инвестициясиз бирор мақсадга эришиш мушкул. Шу боис давлатимиз раҳбари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда ва бу борада муҳим қарорлар қилиб кенг қамровли дастурларни ҳаётга татбиқ этяпти.
Маълумки, ўтган йил Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи чоғида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда Шеробод туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига тамал тоши қўйилган эди. Ушбу фотоэлектрстанция қуввати ҳар йили қуёшдан 1,4 миллиард киловатт соат электр-энергия ишлаб чиқариб, тумандаги 350 мингдан зиёд хонадонни электр билан таъминлаши белгиланган эди.
Мазкур нуфузли анжуман доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва европалик ҳамкорлар Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги биринчи ИЕС қурилишига старт берди. Умумий қиймати 1,2 млрд долларлик лойиҳа натижасида 1 560 мегаватт қувватли электростанция қурилади ва унда 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади – бу сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилган электростанциялар ичида энг йириги бўлади. Лойиҳа доирасида энг замонавий технология ўрнатилиб йилига 1 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Лойиҳани Германия, Франция, ва Нидерландиянинг нуфузли компаниялари давлат хусусий шериклик асосда амалга оширади.Мазкур электростанцияси республика миқёсида алоҳида аҳамиятга эга бўлган лойиҳалардан биридир. Бу албатта воҳамизда биринчи иссиқлик электростанцияси бўлади. Бу эса вилоятнинг иқтисодий ўсишида жуда катта имкониятдир. Мазкур станция 500 миллион хонадонни ёритувчи улкан электростанция бўлиши белгиланган.
Айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини ҳисобласак, 520 мегаваттни ташкил қилар экан. Мазкур лойиҳа ишга тушгандан сўнг эса 1600 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса Сурхондарё вилоятида аҳолини электр энергиясига бўлган талабини икки баробарга бажариш демакдир. Иккинчидан мазкур лойиҳа амалга ошса иш ўринлари ҳам ташкил этилиб, воҳанинг 2000 мингдан ортиқ воҳа ёшлари иш билан таъминланади. Шунингдек, қўшни Афғонистонга ҳам электр энергияси экспорт қилинишида жуда катта имконият яратилади.
Мазкур форум доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларга эътибор ва назар солар эканмиз, умид қиламизки, яқин келажакда халқимиз турмуш фаровонлиги янада яхшиланиб, чекка қишлоқларимиз кўчалари узлуксиз электр нуридан ёруғ ва чароғон бўлишини ҳис қилади киши. Ўзбекистон иқтисодий ўсишнинг янги стратегиясини ҳаётга фаол жорий қилиб янги имконият ва инновациялар кесишадиган марказга айланишга интилмоқда. Шу жиҳатдан айтганда пойтахтимизда ўз ишини бошлаган Тошкент халқаро инвестиция форуми кўзда тутилган айни мақсадлар рўёбига хизмат қилади ва ватанимизнинг сармоядорлар бизнес учун қулай мамлакат эканлигини яна бир бор амалда ифода этади.
Рустам Ҳамраев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг