“Обод маҳалла” дастури маҳаллани обод қиляптими?

08.07.2021 17:07:00

Республикамизда кейинги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида ҳудудларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хўш, жойларда бу борада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Аҳоли бунга қандай қарамоқда? Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари айни шу саволларга жавоб топиш мақсадида Избоскан туманидаги “Урганжи” маҳалласида бўлдилар.

“Урганжи”да бўлсангиз, “Обод маҳалла” дастури асосида унинг қанчалик чирой очаётганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижонга ташрифи чоғида илгарлари чекка ҳудуд сифатида тилга олинган мазкур маҳаллада бўлгани ҳам бежиз эмас.

-Очиғи, маҳалламизда бу қадар катта ишлар амалга оширилишига ишонмагандим,-дейди МФЙ раиси Нафосат Маҳкамова,- Бу ҳаракатни маҳалладошларимиз  ҳам қўллаб-қувватладилар. Ким  яшаб турган жойини обод бўлишини истамайди. Ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш, коммуникация тизимини яхшилашга қаратилган ишлар хақида қанча гапирсак оз. Энг муҳими,  кўп йиллик орзумиз ушалди. Бош ҳаракат МФЙ учун идора биноси қуришдан бошланди. Қисқа вақтда янги бинога эга бўлдик. Фуқаролар билан ишлашимиз  учун етарли имконият яратилди.   

Маҳаллада 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Асосий фаолият деҳқончиликдан иборат. Дастур доирасида олиб борилаётган ишлардан барча хурсанд. Чунки маҳалланинг қиёфаси тубдан ўзгариб, инфратузилмаси янада яхшиланмоқда, аҳоли учун қатор қулайликлар яратиляпти.

Ичимлик суви билан таъминлаш дастурдаги бош вазифалардан бири. Шундан келиб чиқиб 14.1 км. янги тармоқ тортилди, 1 та қудуқ ковланди. Бу билан янги ташкил этилган кўчаларга ҳам ичимлик суви етиб борди.

Асосий муаммолардан бири мавжуд 12 та кўчадаги  йўлларнинг таъмирталаблиги эди. Дастур асосида 3,2 км. узунликда  асфальт ётқизилди.  Айни вақтда шебень ва асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда.

Электр қувватининг пастлиги ҳам аҳолини қийнаётганди. Бу муаммо ҳам бартараф этилди. Талабга жавоб бермайдиган ёғоч устунлар 70 та бетон устунларга алмаштирилди. Электр симлари янгиланиб, қўшимча 3 та электр энергиясини тақсимлаш қутиси ўрнатилди.

Бугунги қишлоқ маҳалласи ҳам шаҳардагидан кам бўлмаслиги талаб этилмоқда.  Унинг замонавийлиги аҳоли, айниқса ёшлар ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиқиб   иккита жойда болалар ўйин майдончалари, “Ақлли бекат”, маиший чиқиндиларни ташлаш учун махсус жойлар ташкил қилинди. Бу урганжиликларнинг фаоллигини, замон билан ҳамнафас бўлишлигини таъминлайди, албатта.  

Аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш оилалардаги иқтисодий фаровонликни оширади. Шу сабаб биринчи навбатда фуқароларнинг бандлиги ўрганилди.  Йил бошида 53 та оила “Темир дафтар”га киритилганди. Ҳозирда атиги 4 та қолди. Кўриниб турибди, аҳолининг турмуш фаровонлиги ўсиб боряпти, бандлик масаласида ҳам муаммо йўқ. 50 нафардан ортиқ ёшлар ер билан таъминланиб деҳқончилик қилаётган бўлса, 8 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 150 та хонадонда кооператив усулда товуқ парвариш қилинмоқда. Биргина ёш ҳунарманд Отабек Ҳолбоев 12 нафар тенгдошлари билан иш олиб бораётгани эътиборли.

850 ўринли 43-умумтаълим мактаби жорий таъмирдан чиқарилди. Бунга жавобан мактаб жамоаси “Янги Ўзбекистонни баркамол авлод билан қурамиз!” шиори остида ташаббус билан чиқдилар. Ёзги таътил кунларида ҳам тўгараклар мунтазам фаолият кўрсатмоқда.

Маҳалла ҳудудидаги 90 ўринли 26-мактабгача таълим ташкилоти болажонларга муносиб совға бўлади. Муассасада қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Яқин кунларда масканда барча қулайликлар яратилиб, 210 ўринли тарбия масканига айланади.

Ҳа, мустақиллигимизнинг 30 йиллигига ҳар бир кўча ва хонадонларни  янада обод қилиш урганжиликларнинг қалб амрига айланган. Қолаверса, амалга оширилаётган ишлар уларнинг қалбида шукроналик туйғусини ошириш баробарида   эртанги кунга бўлган ишончини  мустаҳкамлаяпти.

 

                            Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+