Ободлик кўнгилдан бошланади

29.03.2021 21:03:03

Азалдан халқимиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. Албатта, бу эзгу ишларни амалга оширишда халқимизга хос бўлган ҳамжиҳатлик ва бирдамликнинг ўрни катта. Мана тўрт йилдирки халқимизга хос бўлган ушбу қадириятлар давлатимиз раҳбари бошчилигидаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида юртдошларимиз билан ҳамжиҳатликда амалга ошириб келинмоқда. Мазкур дастурларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши натижасида эса минглаб Республикамизнинг олис ҳудудларидаги қишлоқ ва маҳаллалар ободонлаштирилиб, замонафий қиёфа касб этмоқда.

Янги Ўзбекистонга хос бўлган ушбу дастурларнинг ўзига хослиги шундаки, эндиликда нафақат чекка ва олис ҳудудларимиздаги аҳоли яшаш пунктлари, хизмат кўрсатиш тармоқлари янгидан бунёд этилмоқда, шу билан бирга, мазкур қишлоқларда яшаётган юртдошларимизнинг дунёқараши, яшаш тарзи ҳам ўзгармоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган минглаб ёшларимиз ва хотин-қизларимизнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиб муносиб меҳнат ҳаққига эга бўлган янги иш ўринлари яратилмоқда.

Эътиборли томони - бутун дунёдаги давлатлар глобал пандемия сабаб оғир иқтисодий-ижтимоий тангликни бошдан ўтказаётган бир вақтда мамлакатимизда бу борада бошланган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, 24 март куни Президентимиз раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Хусусан, 2021 йил давомида ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳалла комплекс ривожлантирилади. Ушбу маҳаллаларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм йўналтирилади. Бугунги кунда аҳолимизни қийнаб келаётган муаммолардан бири электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформатор янгиланади. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм ажратилади.

Бу борадаги ишларни амалга оширишда олис қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шу боис “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини тадбиркорлик ва бандлик дастурларига боғлаб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг нафар аёлларни иш билан таъминлаш, “темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилган.

Бунинг учун жорий йилда “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилиб, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Шунингдек, дастурларда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланган бўлиб, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 379 та мактаб, 171 та мактабгача таълим ва 161 та тиббиёт муассасасини, “Обод маҳалла” дастури доирасида 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт масканини қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Бу борадаги ишларни назорат қилиш, дастурга киритилиши лозим бўлган қишлоқ ва маҳаллалари белгилаш ваколати эса тўлалигича маҳаллий Кенгашлар зиммасига ўтказилмоқда. Бу вазифанинг айнан халқ вакиллари зиммасига юклатилиши эса биз депутатлардан улкан масъулият талаб этади. Эндиликда, ҳар бир халқ вакили ўз сайлов округларида амалга оширилаётган дастур доирасидаги ишларни назорат қилиб, унинг ижроси юзасидан ҳар чоракда масъулларнинг ҳисоботларини эшитиб боради.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+