Янгиликлар 1453
Очиқ мулоқот тадбиркорлар фаолиятига рағбат берди
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти уларга мотивация, фаолиятига рағбат бўлди, шубҳасиз.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг муҳим таянчидир. Даставвал бу тармоқнинг ривожланиши аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш билан бирга, уларнинг иш билан таъминланишига ёрдам берди. Вақт ўтиб, соҳалар ривожи, техника ва технологияларнинг хориждан олиб келиниши, мамлакатимизда яратилган қулайлик ва имтиёзлар тадбиркорлар учун ўз бизнесини кенгайтириш, инвестиция олиб кириш, импорт ва экспорт қилиш имконини оширди.
Сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги, тадбиркорлар сони қарийб 3 бараварга ошганлиги соҳа ривожига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Айтиш мумкинки, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар қўллаб қувватланиб, уларга зарур кўникмалар берилаётганлиги, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётганлиги ҳам бежизга эмас. Тадбиркорлар сафини билимли ёшлар билан тўлдирилиши ўзининг рақобатбардош маҳсулотини хориж бозорига олиб чиқиш иштиёқида бўлган кадрларнинг ортишига олиб келади, янги-янги тармоқларнинг йўлга қўйилишига хизмат қилади. Қолаверса, маҳаллаларнинг ободлиги, ўша ҳудуднинг ривожланиши учун ўзини даҳлдор ҳис этади.
Маълумки, мазкур очиқ мулоқот олдидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар сўралган эди. Турли масалаларга оид 15 мингдан ортиқ мурожаатлар қайд этилди.
Президентимиз ўз нутқида уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди. Биринчи йўналиш – бизнесни молиялаштириш, иккинчиси – солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш, учинчиси – ер ажратиш, тўртинчиси – инфратузилма, бешинчиси – экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, олтинчиси – транспорт-логистика, еттинчиси – соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш масалаларига қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир йўналиш бўйича долзарб вазифаларни кўрсатиб, янги ташаббусларни илгари сурди.
Президентимиз таклифи билан илк бора очиқ мулоқот ўтказилган 20 август мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинди. Бу таклиф барчага бирдек манзур бўлди.
Шерзод КАРИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг