Қурултойдан онлайн: Очиқ мулоқотлардан дастурий вазифаларгача

02.11.2019 10:11:32

 

Ҳудудларда ўтказилган очиқ мулоқотлар чоғида асосан қайси масалалар кўпроқ тилга олинганлиги айни шу йўналишларда тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини кўрсатади. Жойларда аҳоли билан учрашувларда мурожаатларнинг аксарияти газ, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, халқ таълими  муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш, уй-жой коммунал хизматлари, ногиронлик аравачаси етишмовчилиги, ишга жойлаштириш каби масалаларни қамраб олганлиги кузатилади. Демак, партиямизнинг янги Сайловолди дастурида ушбу муаммоларни республика миқёсида ҳал этишга доир тизимли ишларни йўлга қўйиш вазифалари ўз аксини топиши лозим.

Сиёсий куч ҳаётий вазифаларни, халқ манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган мақсадларни ўз олдига қўйиши, сайловчилар ҳузурига ана шундай мукаммал дастурлар билан кириб бориши сайловларда ижобий натижа беради.

Дейлик, ҳар бир синфхонада ўқувчилар сони 25 нафардан ошмаслиги таклиф қилинмоқда, бунга қандай эришилади? Аҳоли сони ортаётганини, айни пайтда синфхоналарнинг ҳар бирида 35-38, ҳатто 45 нафардан ўқувчи ўқиётган ҳолатлар борлигини назарда тутиб, янги дастуримизда “партия республикамиз бўйича умумтаълим мактабларида ўқувчи ўрнини 1,8 баробарга кўпайтиришни муҳим вазифа деб ҳисоблайди. Шу мақсадда тегишли давлат дастури қабул қилиниши ва амалга оширилишида ташаббус кўрсатади”, деб белгиланиши керак.

Яна бир оддий мисол, ногиронлик аравачаси етишмайдими, автомобиллар каби бу ускунани ҳам импорт қилиш лозим. Гарчи автомобиллар, қишлоқ хўжалик техникалари юртимизда ишлаб чиқарилса ҳам бу турдаги машиналарни импорт қилишга эҳтиёж камайгани йўқ. Мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш, масалани аниқ қилиб ўртага қўя олиш лозим, холос.

Умумтаълим муассасаларида замон талабларига мос ўқитишни йўлга қўйиш, тиббиёт муассасаларида энг сўнгги технологияларни қўллай олиш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни камайтириш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилашга қаратилган  вазифаларни  газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотисиз амалга ошириш қийин. Янги дастурларимизда ушбу долзарб масалаларга аниқ дастурларни илгари суриш орқали ечим топиш ҳам муҳим вазифа саналади.

Аҳоли билан очиқ мулоқотлар таҳлили ва хулосаларга дастурий вазифаларни белгилашда алоҳида эътибор бериш партия дастурларининг муаллифи халқимиздир, деган тамойилга тўла мос келади. Қурултойда тасдиқланадиган янги дастурларимиз мазмун-моҳияти ҳам буни тасдиқлашига ишонамиз.

Рўйиддин РАУПОВ,

халқ депутатлари Қашқадарё

вилояти Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+