Янгиликлар 1451
Огаҳий асарларининг ўзбек адабиётида тутган ўрни
Бизнинг юртимиз – Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар етишиб чиққан мамлакатдир. Боболаримиз илм-фан учун қолдирган мероси нафақат Осиёда балки Европада ҳам яқингача ва керак бўлса ҳозирги кунда ҳам маълум соҳаларда қўлланма сифатида фойдаланилади. Бу эса табиийки, биз ёш авлодни, умуман халқимиз, жамиятимизни ўз тарихимизга нисбатан ғурур туйишимизга хизмат қилади.
Ана шундай буюк бобокалонларимиздан бири – шоир, таржимон, тарихнавис ҳамда давлат ва жамоат арбоби Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли (Огаҳий – унинг адабий тахаллуси, Огаҳий сўзининг луғавий маъноси огоҳман, сергакман демакдир) халқимиз тарихида ўчмас из қолдирган серқирра истеъдод соҳибидир. Шу билан бир қаторда ХИХ аср Хива хонлиги даври, халқимиз ўтмиши ҳаққоний акс эттирилган бир неча нодир асарлари билан тарих илмига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олим сифатида ҳам эътироф этилади. Огаҳий, шунингдек, бир неча таржималар муаллифи сифатида таржимашунослик соҳасига қўшган хизматлари билан таҳсинга сазовордир.
Огаҳий 1809 йили 17 декабрда Хива шаҳри яқинидаги Қиёт қишлоғида Эрниёзбек мироб (сув ишлари бошқарувчиси) оиласида таваллуд топган. Шу ерда дастлабки таҳсилни олади. Отасининг эрта вафоти туфайли Огаҳий яна бир буюк сиймо – амакиси Муниснинг тарбиясида бўлади. Амакиси Мунис атрофида тўпланган ижодкорлар бўлажак шоир Огаҳий ижодига жиддий таъсир қилади. Мунисдан хат-саводини чиқарган Огаҳий кейинчалик таҳсилни Хивадаги мадрасалардан бирида давом эттиради ва бор эътибори ва кучини араб, форс ҳамда тарих илмини пухта эгаллашга қаратади.
Огаҳий бор иштиёқи билан билим олишга киришади. Аммо 1829 йилда амакиси Мунис вафотидан сўнг ўша давр Хива хони Оллоқулихон фармони билан амакиси ўрнига мироблик вазифасига тайинланади. Сув танқис бўлган Хоразмда мироблик ниҳоятда масъулиятли касб бўлганлиги туфайли, уни ишончли ва ҳалол одам бошқариши лозим эди. Шу даврдан бошлаб Огаҳий давлат ва жамоат арбоби сифатида ўзини фаолиятини бошлади. У давлат ишлари билан шуғулланар экан, бадиий ижод ҳамда илмий фаолияти ҳам тўхтатиб қолади. Шоир иш юзасидан кўплаб ҳудудларга ташриф буюриб, деҳқонлар ва ҳунармандларнинг аянчли ҳаёти ўз кўзи билан кўрарди. Бу ҳолат унинг ижодига ўзини таъсирини ўтказмасдан қолмади. 1845 йилдан Огаҳий ҳаётида оғир ва мусибатли даврлар бошланди. Хизмат юзасидан қилган сафарларидан бирида, тасодифан отдан йиқилиб тушади ва шакарланг (шол) бўлиб қолади, ҳали йигитлик чоғидаёқ тўшакка михланиб қолади. Бунинг устига шоир умр йўлдошидан ҳам ажралади. 1857 йилда мироблик вазифасидан истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Умрининг охиригача моддий муҳтож, касалманд бўлиб кун кечирган. Огаҳий хонликда улкан ўзгаришлар бўлаётган бир вақтда, 1874- йилда 65 ёшида вафот этди. Адибнинг қабри ҳозирги кунда амакиси Шермуҳаммад Мунис қабри билан биргаликда Шайх Мавлон бобо қабристонида жойлашган бўлиб, ушбу жой Хива яқинидаги Эски Қиёт қишлоғида жойлашган.
Огаҳийнинг ҳаёт йўли 8 нафар хон ҳукмронлиги даврида ўтди. Огаҳийнинг огоҳликка даъват борасидаги битиклари ҳозиржавоблиги билан эътиборимизни тортади. Уларнинг бош мезони воқифлик туйғусидир. Айнан адиб номининг Огаҳий эканлиги ҳам бежизга эмасдир балки.
Кучли ирода, ҳаётни севиш Огаҳийни ижод билан шуғулланишга, изланишга ундайди. Огаҳийнинг тарихга оид асарлари тарих учун муҳим манба ҳисобланади. Амакиси Мунисининг вафоти туфайли тугалланмай қолган «Фирдавс ул-иқбол» («Иқбол боғи») асарини Огаҳий давом эттирди ва 1825 йилгача бўлган Хива хонлиги тарихи батафсил ёритилиб берилган. Шунингдек, Оллоқулихонга бағишланган «Риёз уд-давла» («Давлат риёзатлари»), Раҳимқулихон даврига бағишланган «Зубдат ут-таворих» («Тарихлар қаймоғи», 1846), Муҳаммад Аминхон даврига бағишланган «Жомеъ-ул воқеоти Султоний» («Султонлик воқеалари», 1856), Сайид Муҳаммадхон даврига бағишланган «Гулшани давлат» («Бахт шоҳиди», 1865) ва Муҳаммад Раҳимхон соний даврига бағишланган, 1865-1873 йиллар воқеалари ёзилиши узилиб қолган «Шоҳиди иқбол» («Иқбол шоҳиди») номли асарларида Хива хонлиги, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонликларининг Россия билан олиб борган урушлари, битимлари ва унинг оқибатлари мукаммал равишда ёритилган.
Юқорида келтирилган Хоразм тарихига оид бешта асари фақат ўзбек халқининг тарихини ўрганиш жиҳатдан аҳамиятли бўлиб қолмасдан, балки қардош тожик, қозоқ, туркман, қорақалпоқ, рус, эрон, афғон халқларининг тарихи, маданияти, санъати, урф-одатлари, психологияси, шу халқларнинг келиб чиқиши, тирикчилигининг манбаи, қабилаларнинг тарихини ўрганишда бой манба бўлиб хизмат қилади. Шуниси характерлики, бу асарлар истеъдодли шоир, тараққийпарвар адиблар Мунис, Огаҳийлар томонидан ёзилганлиги сабабли уларда халқларнинг тарихи, ҳаёти, кундалик машғулоти, масжид, мадрасаларнинг қурилиши, турли хил ҳодисалар баёни, халқ қўзғолонлари, урушлар тарихи, буюк кишилар, олимлар, шоир-ёзувчилар ва шу каби маълумотларни аниқ ифодалаб берилган.
Огаҳий чин маъноси ила миллатсевар санъаткор. Унинг қалбида қулоч ёзган миллий ҳислар ниҳоятда тоза ва самимий, дард ва изтироблари ҳаётий. Фикрлари тарихий илдизлардан ажралмаган маърифатдан туғилгандир. Огаҳийда улуғ ватандоши Нажмиддин Куброга яқинлаштирадиган орифлик шавқи ва салоҳияти бор. Огаҳий шахсиятида унинг Паҳлавон Маҳмудга ворислигини тасдиқловчи жавонмардлик фазилатлари шаклланган.
Огаҳийнинг ўзбек тилида ёзилган «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори») девони мавжуд бўлиб, унда шоир яшаган муҳитнинг амалдорларидан қаттиқ шикоят қилиб ёзган шеърларини кўпроқ учратамиз. Девон Хива хони Ферузнинг буйруғи ва талабига биноан ёзилган. Девон анъанавий тартибда тузилган, 470 ғазал, 3 мустазод, 89 мухаммас, 5 мусаддас, 2 мурабба, 4 мусамман, 4 таржеъбанд, 7 қитъа, 80 рубоий, 10 туюқ, 1 муламма, 4 чистон, 2 муаммо, 4 маснавий, 1 баҳри тавил, 1 муножот, 1 ошиқ ва маъшуқ савол-жавоби, 20 таърих, 19 қасида — жами 18000 мисрадан иборат. Девонга «Ашъори форсий» номи билан Огаҳийнинг форс тилидаги 1300 мисра шеъри ҳам киритилган.
Огаҳийнинг «Қасидаи насиҳат» асари Феруз – Муҳаммад Раҳимхон Сонийга бағишланган. «Қасидаси насиҳат» Огаҳийнинг сиёсат ва давлатга муносабати, ҳукмдор фазилатлари ва бурч-вазифалари тўғрисидаги мулоҳазалари баён этилган пандномадир. У ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, унда шоирнинг сиёсий-маърифий қарашлари ёрқин акс этган.
Огаҳий таржимонлик фаолияти ҳам катта ҳисса қўшади. Моҳир таржимон сифатида кўплаб форс, тожик, араб миллатига мансуб машҳур ижодкорларнинг асарларини таржима қилди. Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий йўл билан, «Гулистон»ни қисқартириб, кенг китобхонларга тушунарли қилиб таржима этган. «Юсуф ва Зулайҳо» ҳамда «Шоҳ ва гадо» достонларини эса байтма-байт таржима қилиб (кириш қисмидан ташқари), аниқ ижодий таржима намунасини яратган. Таржима асарлари ичида «Зафарнома» (Али Яздий), «Баҳористон», «Саломон ва Ибсол» (Жомий), «Ҳашт беҳишт» (Хусрав Дехлавий) асарларининг таржимаси ҳанузгача топилмаган.
Адиб қаламига мансуб 26 асардан ҳозирги кунда 4 таси топилганича йўқ, унинг асарларининг 22 тасидан 16 таси сақланган. Жумладан, 6 асари (11 нусхада) Беруний номидаги Республика Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Санкт-Петербургда 10 та ва Душанба шаҳрида 8 та асари мавжуд. Ҳозирги кунда адиб асарларининг 22 таси, 72 та қўлёзма нусхада дунё фондларида сақланмоқда.
Огаҳийнинг илм-фанга ҳиссаси ҳозирги кунда мамлакатимиз Президенти томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда кўчалар, мактаблар, Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театри, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй музейи очилган; музей олдида Огаҳийга ҳайкал ўрнатилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Огаҳий шеърияти, таржимонлиги ва тарихнавислик фаолияти Ўрта Осиё ҳудудидагина эмас, ХИХ аср Шарқ дунёси маданий ҳаётида ҳам чуқур из қолдирди. Огаҳийнинг тарихий асарлари далилий манбаларнинг бойлиги ва ишончли бўлиши билан ажралиб туради. Унинг таржима асарлари Хоразм ижодкорларини араб, форс-тожик адабиётининг ноёб дурдоналари билан таништирди, халқнинг маънавий савиясини бир поғона баландга кўтарди, ўзбек адабиёти хазинасини янги асарлар билан бойитди, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлади.
Нигина КЎЧМУРОДОВА,
Тошкент давлат Шарқшунослик университети талабаси
Фикрингизни қолдиринг