Оила – муқаддас қўрғон

27.01.2021 15:01:00

Оила. Бу сўз тилимизда қадр-қиммат, бирга ўсганларимизнинг тафти, меҳри, иссиқ гўша, болалигимиздан буён суйиб, эркалатган даргоҳ, инсон қадри, оқибати ҳақида фикрга толдирадиган, яхшилик истайдиган, инсонийлик, яхшилик, эзгулик, инсоф-диёнат, тўғрилик, минг йиллик урф-одатлар ўргатиладиган гўша сифатида эсга олинади. Оила шундай жойки, у ерда яхшилик, оила тарбияси, диний қадриятлар улуғланади, болаларнинг келажаги ўйланади, уларни келажак ҳаётга учирма қилиш, ўқитиш, устибош олиб бериш, тарбиялаш, турмушга узатиш ёки уйлантириш ҳақида бош қотирилади. Оилада болалар туғилгач, оила яна мустаҳкамланади, уларга чиройли, ўзлари истаган, ҳаёлидан ўтказиб юрган исм берилади, янги бешик олинади, саруполар қилинади. Бу эндигина дунёга келган чақалоққа меҳр-муҳаббатдир. Чақалоқ атрофида парвона бўлган оналаримизнинг инсонийлигини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Оила инсонни тарбиялар экан, уни умуминсоний фазилатлар, минг йиллик қадриятлар руҳида тарбия қилади ва унга яхши яшаш сирларини ўргатади, егулик топиш, кийим-кечак харид қилиш, уй бино қилиш каби ишларда болаларга ўгитлар, маслаҳатлар, йўл-йўриқлар ўргатилади, келажак ҳаётда қандай яшаш, қандай уйли-жойли бўлиш уқтирилиб борилади.  Болага “ўғри бўлма, бировнинг нарсасини ўғирлама, бировнинг ҳақига хиёнат қилма, ўқи, ҳалол меҳнат қилсанг, яхши яшайсан, олим ёки бирор касбнинг эгаси бўл” ва ҳоказо деб маслаҳат бериб борилади.

Энди бугунги кундаги оилавий ажримларнинг кўпайиб кетаётгани ҳақидаги гапларни инобатга олсак, бунинг натижасида нималар келиб чиқишини эсга олайлик. Агар эр-хотин, ёки турмуш қурганига ҳеч вақт бўлмаган оила ажрашса, ўртадаги ўғил ёки қиз бир томонга ўтади. Бу болада ёки отага, ёки онага нисбатан кучли соғинч, қўмсаш, айрилиқ ҳислари шаклланиб, бу ҳислар уни безовта қилиб ўстиради. У гўё “бир ками дунё” ичида қолгандай тарбия кўради. Адабиётларда ўқиганимиз борки, ёки ота ёки онасиз қолган болалар бир куни келиб албатта одамларга ўзининг шундай ўсгани учун нолийдилар, бунда одамларни гуноҳкор қиладилар.

Ана шуларни ҳисобга олсак, бугунги кунда катта тўйлар қилиб, янги келин тушган айрим оилалардаги манзарага кўз ташласак, бу ҳолатларни умуман унутиб қўйишаётганини сезамиз. “Келиним айтганимни қилмайди”, “Қайнонам ҳар нарсага бақириб юборади”, “Турмушимизга учинчи шахс аралашаяпти”, “Рашк бошимизга бало бўлди” деган оилалар кўп. Хўш, ҳурматли ота-оналар, бу муаммоларни қандай ҳал қиламиз?  Барчамиз тўйга боришни, уйлик, оилалик бўлаётган фарзандларимизни қутлашни яхши кўрамиз, аммо тўйда шунча яхши тилаклар билдирилишига қарамай, бу аҳвол давом этиб, йилдан йилга ажралишаётганлар, бу масалада ФҲДЁ идораси ёки фуқаролик судига ариза билан қатнаётганлар кўп учрайди. Агар уларнинг ичига кирсак, бу оилавий тушунмовчиликлар, бефарқликликлар, қўполликлар, инсон инсонни тушунмаслиги, тушунишни истамаслиги, куёв келинни уриши, рашк оқибатида ундан совуши, келиннинг қайнонага ёқмаслиги, келин-куёв бир-бирини синаб турмуш қурмаганлиги, бахтини асраб қолиш нималигини  билмаслиги натижасида пайдо бўлади.  Хўш, бу ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

Халқимизда “Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан мусулмон динидан чиқади” деган мақолимиз бор. Бу ҳақиқатдан ҳақ гап. Муаммолари борлиги, келинни писанд қилмаслик, унинг овқати, кир юва олмаслиги, тандир билан ишлай олмаслиги, болага қарай олмаслиги каби масалалар аввалдан бор ва бу масалаларнинг ечимини топишда бир мунча тафаккуримизни ишлатишимиз лозим бўлади. Дунёга кенг назар билан қараш ва у ёш оилаларни рағбатлантириб бориш, уларни келажакка ишонтириш лозим. Ёш оилаларни руҳан қўллаб-қувватлаб туриш, эртага ўзлари яхши пул топиб кетишлари, фарзандларини ўзлари боқа оладиган ҳолатга келишлари, ўз уйларига эга бўлишлари, ҳар томонлама мукаммал одамлар бўлиб етишишларига ишонтириш лозим. Бундан ташқари уларнинг ички муносабатларига қайнона, қайнота, куёвнинг опа-сингиллари аралашмаслиги керак. Агар шуларга эриша олсак, “Эр-хотиннинг уриши, дока рўмол қуриши” деган мақол натижаси ўлароқ улар ярашиб кетишади. Аммо шу ярашиб кетиши мумкин, шунинг имкони бўлган ҳолларда уларни бир-биридан совутиб юбормаслик керак. Бу бизнинг барчамизнинг ишимиз бўлиши керак.

Мадина ВАҲОБОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати,

Пайариқ туманидаги 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+