Янгиликлар 1362
Оила остонадан бошланади
Оила муқаддас қўрғон эканлиги ҳақидаги тушунча ёшликданоқ оила муҳитида шаклланади. Бир сўз билан айтганда оила тарбия қўрғони.
Вояга етаётган ҳар бир ўғил-қиз бу қўрғонда қандай тарбия топиб қандай вояга етиши ота-оналарга боғлиқ масала. Баъзилар бу каби жиҳатларга жиддий аҳамият қаратса, баъзи бир оилалар фарзанд тарбиясига аҳамият қаратмайди. Натижада жамиятда турли кўнгилсизликлар юзага келувчи ҳолатлар рўй беради. Жамият безорилари пайдо бўлади, турли жиноятлар келиб чиқади. Аксинча, тарбия борасида намуна кўрсатган фарзанд юртнинг келгуси тақдирини белгилашда ўзининг муносиб ишлари билан иштирок этади.
Шунингдек, ота-оналар яна бир баъзи жиҳатларга эътибор қаратишлари лозимки, фарзанд улғайгандан сўнг турмуш қуриш даври келганида оилада адолат тамойилларини ўрнатиши мақсадга мувофиқдир. Яъни келин олганда адолатли қайнона-қайнота бўлиши, келинига ҳар тарафлама шахсий намуна бўлиши жоиздир. Қиз тарбиялаб вояга етказганда эса уни вақтли турмушга беришга шошилмай, оилада зарур бўладиган касб-ҳунарларни ўрганишига шарт-шароит яратиб бериши, ўқимишли, саводли, билимли қилиб ўзга хонадонга узатиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, оналар қанчалик ақли расо, билимли бўлсалар фарзандлар ҳам шунчалик етук ва билимли бўлиб камол топади. Бундай фарзандлар келажакда мамлакат тараққиёти ривожланишида муҳим омил саналади.
Ота-оналар қудачилик ришталарини боғлаётганда ҳам қариндошлар ўртасида никоҳ тузилишига йўл қўймасликка эътибор қаратишлари зарур. Халқимизда «Қариндош билан қуда бўлсанг, қариндошингни йўқотасан, бегона билан қуда бўлсанг, янги қариндош топасан», деган пурмаъно ҳикматли нақл бор. Бу бежизга айтилмаган. Зеро, мустаҳкам қуда-андачилик ришталарини боғлаш учун қариндош билан қуда бўлиш ярамайди. Қариндош билан оила қуришнинг тиббиётдаги салбий оқибатлари ҳам илмий исботланган. Бундай оилалардан ногирон, ақли заиф фарзандлар туғилиш эҳтимоли юқори. Бу нафақат оила қурувчиларни, балки уларнинг ота-оналари, яқинларини ҳам ташвишга солади.
Оиладан тинчлик-ҳаловат йўқолади. Шу боис, ота-оналар қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслиги зарур. Шу билан бирга, қизларни тўлиқ вояга етгандан сўнгина турмушга бериш ҳам тиббий, ҳам психологик, ҳам ҳаётий жиҳатдан тўғридир.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг