Янгиликлар 1569
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида ўтмаган қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар муносабати
“Адолат” социал-демократик партияси фракцияcининг жиддий эътирозлари сабаб “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган ялпи мажлиси муҳокамаларидан ўтмади ва қайта ишлаш учун масъул қўмитага равона бўлди.
Хўш, нега ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳақида жиддий бу қадар эътирозлар юзага келмоқда? Аввало, мазкур ҳужжатни синчиклаб ўқиган одам нима, мамлакатда янги “ижтимоий инстититут” пайдо бўляптими, дея ўйга толади. Агар шундай бўлса, у қандай институт ва унинг мақсади нима? Шу ҳақда депутатларнинг айрим мушоҳадалари...
— Гап шундаки, ҳужжатни ўрганиб, ундан коррупция сари ташланмоқчи бўлаётган қадамларни кузатиш мумкин. Фикрларни асослашга ҳаракат қиламиз. Аввало, қонун лойиҳасида ижтимоий тадбиркорлик тушунчаси тўла очиб берилмаган, иштимоий тадбиркорнинг кимлиги қоронғуга тош отган ҳолат сингари зим-зиё манзарани эслатади, номаълум, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Таваккал Чориев.
— Ушбу ҳужжатнинг 16-моддасида Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари берилган. Унга кўра, ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар ва преференциялар бериш ҳамда ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялашнинг шакллари белгилаб қўйилган, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев. — Ана халос! Шу жойда кимдир ижтимоий тадбиркорликни ниқоб қилиб, мумай даромад илинжида давлат гарданига турли мажбуриятларни илиб қўймаяптими, деган савол туғилади. Бизнингча, бу нормани ижтимоий тадбиркорлик қандай бўлишини тушунмаганлар, англаса-да атай шу йўлни лозим топганлар ёзган кўринади.
— Кимдир, яхши бойвачча ҳам талабгор бўлиб ижтимоий корхона очади. Оддий, арзон кучларни ишлатади, давлатдан субсидия олади, катта имтиёзларга эга бўлади, Давлат эса, мамлакатни ривожлантиришга йўналтириладиган маблағни қайсидир карчалоннинг қўлтиғига қистириб юбораверади, шундайми? Йўқ, бизнингча, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулрух Агзамова. — Давлат маблағини ўзлаштириш бу коррупциялашган муҳитни юзага келтириш дегани. Яъни, ижтимоий ёрдамга муҳтожларга хизмат кўрсатишни баҳона қилиб, ўз манфаатлари йўлида моддий бойлик орттиришга йўл қўйиб бўлмайди. Чунки, лойиҳанинг 16- моддасига мувофиқ қонун ўтиб кетса, ижтимоий тадбиркорлик субъктлари имтиёзларни талаб қилишга ҳақли бўлиб қолади. Бу келгусида ижтимоий тадбиркор билан давлат ўртасида асоссиз низоларнинг юзага келишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
— Ижтимоий тадбиркор тушунчаси очиқланмаган қонун лойиҳасида ижтимоий натижа тўғрисида умуман гап йўқ. Фақат давлатдан маблағ олишга қаратилган ҳужжатда ижтимоий тадбиркор қандай мақом олиши кўрсатилмаган. Уни ким ва қандай шароитда реестрдан ўтказади, фаолиятини қандай юритади. Шундай ғализ жумлалар кўпки, уларни мағзини чаққунча бир одамнинг қора сочи оқариб, ҳатто тўкилиб ҳам кетади, — деди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Иномжон Қудратов.
Умуман олганда, ижтимоий тадбиркорлик ижтимоий муаммони ҳал этишга қаратилган бўлиши керакмасми? Қонун лойиҳасидачи? Ҳаммаси чалкаштириб ташланган. Даъволар кўп, ечимнинг қулоғи ҳам кўринмайди. Бўри қуённи мудом қувиб юргандай, сиз ҳам калавани учини тополмай аллақандай чангалзорда адашиб юраваерасиз, бу қонун лойиҳасига назар солсангиз.
Хулоса ўрнида: Ўзбекистонда кенг миқёсдаги инсонпарварлик сиёсати олиб борилмоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида Президентимизнинг бир қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шулар асосида кўнгли кемтик ҳамюртларимиз қалбига йўл топилмоқда. Биригина мисол: 2020 йилнинг баҳорида рамазон ҳайити муносабати билан кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига бир миллион сўмдан маблағ ажратилди. Республика бўйлаб халқ қабулхоналари ташкил этилдики, улар аҳоли учун очиқ мулоқот майдони. Ҳар қандай мурожаат ушбу манзилларда кўриб чиқилмоқда.
Инсон қадри олий даражага кўратилган жамият учун кимларнингдир манфаатига хизмат қилишига қаратилган ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига зарурат бормикан? Хулоса сиздан, азиз ўқувчи.
Фикрингизни қолдиринг