Олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди

19.06.2021 14:06:50

Замонавий ривожланган жамият ҳаётини бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боисдан Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгилаб олинган. Негаки, мамлакатнинг равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда ҳам Олий таълим муассасаларида таълим бериш сифати янада такомиллаштирилиб, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган илм сари интилиш фазилати қайтадан шаклланмоқда. Натижада, ёшларимизнинг ўз орзу ва мақсадларига эришиши,  соғлом ҳамда гўзал турмуш кечириши, эгаллаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиши эса ҳар томонлама таъминланмоқда.

Биргина ёшларимизнинг олий таълим олишга бўлган қизиқишлари қўллаб қувватланиб, уларнинг олий таълим билан қамраб олиш даражаси 12 фоиздан 25 фоизга етказилди. 2018-2019 йилги ўқув йилидан илк маротаба олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш имтиҳонларини ошкора ва очиқ тарзда ўтказиш мақсадида очиқ майдонли биноларда, юқори технологияларни жалб этган ҳолда имтихонлар ўтказилди. Уларнинг таълим олишга бўлган иштиёқини рағбатлантириш мақсадида 2019-2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентларга бир вақтнинг ўзида учта, 2020-2021 йилдан эса бешта таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, қабул квотасига мос равишда олий таълим муассасалари сони ҳам 65 тадан 117 тага етказилди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди. Аммо соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинганда сифат борасида ўзгаришлар ҳали сезилмаётганлиги маълум бўлмоқда. Негаки, таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш борасида етарли натижаларга эришилмаган.

Куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳақида уларнинг ечими юзасидан таклиф ва тавсияларга тўхталиб ўтилди.

Жумладан, бугунги кунда олий таълим массаларидаги 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Олий таълим муассасалари 2 мингга яқин фанлар бўйича дарсликлар билан таъминланмаган. Ўқув дастурлари бундан 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилган. Бундан ташқари, тизимда коррупция ҳолатлари жуда кўплаб учрамоқда ва бу жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бу каби муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида эса Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа масъуллари олдига 4 та устувор вазифа белгилаб берилди. Эндиликда, олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг роли оширилиб, кафедралар ваколатлари кенгайтирилади. Ўқув жараёни бозор талабларига мослаштирилиб, ишлаб чиқариш билан узвийлик таъминланади. Талабаларнинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратилади. Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилади. Яъни, бундан буён, ўқув режаси ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда таълим шаклларини белгилашни олийгоҳ бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилади. Энди ҳар бир кафедранинг фаолияти унинг илмий салоҳияти ва ёшларни селекция асосида илмий фаолиятга жалб этиш кўрсаткичларига қараб баҳоланади.

Бунинг учун нуфузли хорижий нашрларда мунтазам мақолалар чиқариб келаётган, шунингдек, шогирдлари илмий ишларини ўз вақтида ва сифатли ҳимоя қилган илмий раҳбарларга 5 тагача докторант ва 3 тагача мустақил изланувчи олиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, ҳар бир кафедранинг бир нафардан ёш олими хорижга стажировкага юборилади.

Олий таълим муассасалари ректорлари томонидан кафедралар ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиб, улар ўқув-лаборатория жиҳозлари ва зарур техника билан таъминланади. Ҳар бир кафедранинг тармоқ корхоналари билан ҳамкорлигини йўлга қўйилиб, ўқитувчиларнинг корхоналарда амалий тадқиқотлар ўтказишига шароит яратилади.

Шу ўринда мазкур ташаббусларнинг “Адолат” СДП сайловолди дастурида белгилаб олинган вазифа ва мақсадлар билан ҳамоҳанг эканлиги кишини қувонтиради. Жумладан, партия ўз дастурида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратган.

Видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Келгуси йилдан докторантурага қабул квоталар сонини 2 бараварга, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб борилади. Бунинг учун ҳар йили бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм, ҳар бир тармоқ эса ўз соҳасига тегишли олийгоҳларга докторантлар квоталари учун яна 10 миллиард сўмдан маблағ ажратади.

Белгилаб олинган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида эса, бугунги кунда олий таълим соҳасидаги энг катта муаммолардан бири ётоқхона масаласи ҳам ҳал этилади. Ётоқхоналар тадбиркорлар билан хусусий шериклик асосида ташкил этилиб, бу биноларнинг биринчи ва иккинчи қавати бизнес учун тадбиркорларга берилиб, юқори қаватлари арзон турар жой бўлади. Талабаларга у ерда яшаш харажатларнинг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Галдаги вазифа эса ҳар биримиз ўз бурч ва масъулиятимизни ўз вақтида англаб етиб, олий таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида бошланган ҳаётий ташаббусларга камарбаста бўлишимизда. Чунки, бугун жамиятимизни ривожлантириб, фуқароларимиз турмуш тарзини яхшилаш борасида бошлаган ҳар бир соҳадаги ислоҳотларимизни амалга оширувчи етакчи кадрларни етиштириб беришда олий таълим муассасалари локомотив вазифасини ўтайди.

 

Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+