Янгиликлар 1317
Ўлим – ҳақ, илмий мерос – абадий
“Мавту-о-олим мавт-у-олам”, яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими” демак. Ҳа, юртимизда Ислом динини кенг ёйишга нафақат жонини, балки бутун ҳаёти-ю борлиғини бахш этиб, унинг равнақига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган бир устунимиздан жудо бўлдик. Атоқли жамоат арбоби, диний уламо, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон ҳожи ҳазратларининг вафоти нафақат халқимиз, балки бутун мусулмон уммати учун ифодасига сўз ожизлик қиладиган оғир жудолик бўлди.
Усмонхон ҳожи ҳазратлари исломий илмлар донишманди, маърифатга йўғрилган туркум китоблар муаллифи, етук олим, забардаст фақиҳ, иқтидорли муфтий, истеъдодли ижодкор, моҳир раҳбар, фозил Инсон эдилар. Ҳаётлик чоғларида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд сингари кўплаб улуғ алломалар ва азиз авлиёларнинг илмий-маънавий меросларини халқимизга ўз тилида тақдим қилиб, қабрларини обод, руҳларини шод этиб, пировард натижада ўзлари ҳам ана шундай авлиёсифат Зотга айланиб қолган эди. Айниқса, Исломнинг асл қадриятларини асраб-авайлаш ва қайта тиклашга салмоқли ҳисса қўшди. Ислом равнақи, халқимиз ҳаётининг фаровонлиги, мусулмонлар манфаати, эл-юрт осойишталиги, миллий тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Шайх Усмонхон Алимов ҳаётининг мазмун-моҳияти бўлиб қолган эди. Республика ижтимоий-маънавий ҳаётида кечган ана шундай ўта қизғин ва шарафли, шу билан биргаликда таҳликали ва шиддатли онларда Усмонхон ҳожи ҳазратлари билан елкама-елка туриб хизмат қилиш насиб этганини ўзим учун катта бахт, тақдирнинг буюк неъматларидан бири деб биламан.
Аллоҳ таоло шайх Усмонхон Алимов ҳазратларининг ҳаётлик давридаги солиҳ амалларини, Ислом дини ривожидаги хизматларини, маърифий ислом ва илму зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз раҳматига олган бўлсин ва чеккан дардлари ортидан ваъда қилинганидек шаҳидлик мақомини насиб айласин! Солиҳ амаллари, Ислом дини ривожи йўлидаги фидойи меҳнатлари охиратларининг обод бўлишига кўмак берсин!
Албатта, муфтий ҳазратлари қолдирган илмий-маърифий мерос абадий ва узоқ йиллар давомида кейинги авлодларга хизмат қилувчи садақаи жориядир. Шайх Усмонхон ҳазратлари раҳнамолигида нашъу намо топган барча эзгу амаллар Ул зотнинг издошлари - янги авлод имомлари, уламолари ва Қуръон ҳофизлари томонидан бардавом бўлиб, янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши ва бундан Шайх ҳазратларининг руҳониятларига ажри-савоблар етиб боришини Яратгандан сўраб қоламиз. Шайх Усмонхон ҳазратлари қолдирган илмий-маънавий мероси, обод қилган манзиллари ва тарбиялаб вояга етказган шогирдлари тимсолида доимо биз билан бирга, қалбларимизда мангу барҳаёт!
Барчамиз шундай инсонлар ҳақига дуодамиз.
Усмонхон Алимовнинг оила аъзолари, яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдираман!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг