Янгиликлар 1256
Ўлим жазоси тўла бекор қилинади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур комиссияга қисқа вақт ичида келиб тушган таклифлар фуқароларни бу жараёнга бефарқ қарамаганлигини кўрсатган бўлса, Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги фикрлари янада долзарб аҳамият касб этди. Чунки Конституциямизга бугунги ўзгаришлардан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг эртанги куни ва халқимиз келажагини белгиловчи ўзгаришлар киритилиши кутилмоқда.
Шу ўринда бир фуқаро сифатида мени йиғилишда кўтарилган бир масала чексиз қувонтирди. Инсон қадри улуғланган юртимизда ҳамма вақт инсон омили биринчи ўринга қўйилади. амалдаги қонунларимиз ҳам тўла шу асосда яратилган. Гап ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида борар экан буни бутун Ўзбекистон халқи қўллаб-қувватлаши шубҳасиз. Президентмиз айни масалага алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Конституциямизга Ўзбекистонда ўлим жазоси тўла тақиқланади, деган алоҳида норманинг киритилиши бу йўлда энг катта қадам демакдир.
Тўғри, ўлим жазосини бекор қилиш масаласи ечимини топган. Конституциядан ўрин олиши буни янада мустаҳкамлайди. Бундай ўзгариш инсонпарварлик ғояларига қанчалик содиқ эканлигимизни кўрсатади. Қолаверса, бизни кузатиб турган ва Ўзбекистонга хайрихоҳ бўлган давлатлар олдидаги нуфузимиз яна бир поғона ошиши, қонунчилигимизга бўлган ҳурмати янада юксалишига хизмат қилади.
Умуман олганда, Конституциямизга ўзгартириш киритиш юзасидан билдирилган ҳар бир таклиф янги Ўзбекистонни барпо этишга хизмат қилади. Унинг ижодкори ҳам, ижрочиси ҳам халқимиздир.
Зумрадой Солиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси.
Фикрингизни қолдиринг