Олимпиада олтин медаллари -  миллий ғурур ва ифтихоримиз тимсоли

18.08.2021 16:08:21

Ватан! Инсоннинг киндик қони тўкилган муқаддас тупроқ. У ҳатто бир қаричини ҳам ҳеч қандай бойликка алмаштириб бўлмайдиган табаррук замин. Ҳар ким, яъни ҳар бир инсон Она Ватани тимсолида дунёдаги энг гўзал ва бетакрор юрти жамолини кўради.

Саноқли кунлардан сўнг Она Ватанимиз мустақилликка эришганига 30 йил тўлади.

Истиқлол туфайли юртимиз аҳолиси озодлик, эркинлик ва фаровонлик каби тушунчаларни чин дилдан ҳис қилиб яшашдек буюк бахтга муяссар бўлди. Аждодларимизнинг азалий орзулари ҳақиқатга айланди.

Айниқса, истиқлол фарзандларига катта эътибор қаратилди. Иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқараман, деб ният қилган Ўзбекистон ёшлари учун имкониятлар эшиги очилди. Ўз истеъдодларини бутун дунёга намойиш этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан яратилаётган бундай имконият ва кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрликлар замирида юртимиз ёшларига билдирилаётган улкан ишонч мавжуд.

Мана шундай ишончни оқлаш бахти – Токио шаҳрида ўтказилган  XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси вакилларига яна бир бор насиб қилди.

Олимпиадада спортчиларимиз юксак шоҳсупаларга кўтарилиб, 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Мана юртимиз баҳодирларининг мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрамига муносиб туҳфаси, мана ўз ватанига, элу-юртига, ота-онасига бўлган чаксиз меҳр-муҳаббат ва ҳурмат намунаси.

Биз Улуғбек, Акбар ва Баҳодир каби паҳлавон баҳодирларимиз, мардлик, жасоратда жаҳонга танилган кетма-кет саккиз бор Олимпия ўйинларида иштирок этган Оксана, Токио-XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг ёш иштирокчилари, умидли ёш спортчиларимиз Барчинойлар авлоди Кумушхон ва Зайнабдек қизларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. 

Албатта, бу ютуқлар истиқлол меваси, истиқлол туфайли халқимиз тинч, юртимиз фаровон, одамларимиз бир-бирига меҳр-оқибатли, ёшларимиз эса мард ва жасур. Демак, мамлакатимиз келажаги улуғ, ҳар бир инсоннинг бахтли бўлиши учун мустақиллигимиз абадий булсин!   Чунки, Ватан озодлиги ва мустақиллиги ҳар бир фарзанд учун жон каби азиз ва муқаддасдир.

 

Халия ДЖУМАШЕВА,

Нукус туманидаги 7-сонли умумтаълим мактаби директори, партия «Аёллар қаноти» фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+