Янгиликлар 2486
Олти ойга мўлжалланган экспремент нега бир ярим йилдан буён давом этмоқда
Маълумки, ҳар бир мамлакат, юрт ўз келажагини, тараққиётини, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий йўлларини маълум бир қонунлар, қарорлар, фармонлар, фармойишлар асосида белгилаб боради. Бу ҳужжатлар нафақат шу мамлакат ёки давлатнинг равнақ топиши учун, балки халқнинг яхши, фаровон яшаши, тўкис ҳаёт кечириши учун ҳам хизмат қилади. Шу сабабли мамлакатимиз Президенти, республика Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилаётган қонунлар, қарорлар, фармонларга халқимиз катта умид кўзи билан қарайди. Уларни мамлакатнинг истиқболли келажагини белгилаш йўлидаги асосий омил, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сонли қарори ҳам юртимиз ижтимоий ҳаётидаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Қарорда унинг қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар “Ёқилғи-энергетика ресурсларини реализация қилишнинг бозор механизмларини янада жорий этишни таъминлаш, улардан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлигини рағбатлантириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва ёқилғи-энергетика комплекси корхоналарини балансли ривожлантириш мақсади, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларининг жаҳон нархлари ўсишини ва товарлар (хизматлар) бозорларида монополияни босқичма-босқич пасайтирилаётганлиги инобатга олинганлиги” билан изоҳланади. Англашилиб турибдики, изоҳга кўра қарорда яхши мақсадлар кўзда тутилган. Бироқ қарорнинг асл моҳияти изоҳда айтилганидек, энергия тежамкорлигини рағбатлантиришга эмас, балки газ ва электр энергияси учун тўланадиган нархларни оширишга қаратилган. Қарор асосида 2018 йилнинг 16 ноябридан бошлаб аҳоли истеъмоли учун бериладиган 1 куб метр табиий газнинг нархи 320 сўм қилиб, 1 квт-соат электр энергиясининг нархи 250 сўм қилиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг бу қарорининг яна бир “ўзига хос” томони шундаки, унда табиий газ ва электр энергияси учун истеъмол тўловларини — нарх ҳамда тарифларини бир марта эмас, босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилганди. Қарорга кўра, 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб 1 квт-соат электр энергиясининг нархи 280 сўмга, 1 куб метр табиий газнинг нархи 350 сўмга кўтарилиши қатъий қилиб кўрсатилганди.
Яна бир мулоҳаза. Республика Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги 897-сон қарорида асосий эътибор газ ва электр энергияси учун истеъмол тўловларини босқичма-босқич ошириш билангина кифояланиб қолмаган. Унда яна бир масалага эътибор қаратилган. Бу борада қарорда, жумладан, бундай дейилади: “2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қуйидагилар жорий этилсин: а) аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 квт-соат; б) аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси: иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб метр; бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб метр; в) аҳоли билан электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китобларни амалга оширганда: базавий норма доирасида — белгиланган тариф бўйича; базавий нормадан ортган қисми учун — белгиланган тарифга 1,2 баравар ошириш коэффицентини қўллаш. “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги 2019 йилнинг 1 июлига қадар электр энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий нормаларини амалда қўлланишини ўрганиш натижаларига кўра келгусида истеъмол базавий нормаларини қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин”.
Ўтган давр мобайнида Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига асосан пойтахтнинг Юнусобод тумани аҳолиси учун газ ва электр энергияси истеъмоли нархлари қуйидагича шаклланди: газ учун базавий норма 1000 куб метр бўлганда, истеъмолчи шунча миқдорда газдан фойдаланса, 350 минг сўм пул тўлайди. Агар истеъмолчи 2000 куб метр газдан фойдаланса, базавий нормадан ташқари 1000 куб метрига 350 минг сўм эмас, 420 минг сўм пул тўлайди. Яъни, истеъмолчига 2000 куб метр табиий газ 770 минг сўмга етказиб берилади. Базавий норма бўлмаганда 2000 куб метр табиий газнинг нархи истеъмолчи учун 700 минг сўмни ташкил этган бўларди. Электр энергияси тўловида ҳам худди шундай ҳолат юзага келади. Агар истеъмолчи базавий нормадаги 300 квт-соат энергияни ишлатса, янги тариф бўйича унинг нархи 84 минг сўм бўлади. Истеъмолчи 600 квт-соат энергиядан фойдаланса, 168 минг сўм эмас, 184800 сўм пул тўлашга мажбур бўлади.
Бундан ташқари, қарорнинг бу қисмида тилга олинган базавий норма ҳар бир абонентга мўлжаллаб белгиланган. Бу ерда “ҳар бир абонент” сўзига алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам бежиз эмас. Бир абонент эса баъзан икки-уч одамдан, баъзан 15-20 кишидан иборат бўлиши мумкин. Халқимиз, миллатимиз бир хонадонда, яъни бир абонент доирасида кўпчилик бўлиб яшайди. Юқоридаги базавий нормалар эса якка тартибдаги уйлар ва турли ҳажмдаги квартиралар учун бир хил, уйлар ва квартиралар квадрат метри ҳамда уларда яшаётган инсонлар сони ҳисобга олинмасдан белгиланган.
Масалан, бир хонали икки киши яшайдиган хонадон ҳам бир абонент ҳисобланади, уч-тўрт оила истиқомат қиладиган ҳовли ҳам бир абонент ҳисобланади. Улар учун эса бир хил базавий норма қўйилган. Ёки ҳовлиларда иссиқ сув газ ёки электр энергия ёрдамида иситилади. Одам сонига қараб энергия истеъмоли ҳам ошиб боради. Натижада якка тартибдаги хонадонларда ва кўп қаватли уйлардаги квадрат метри катта бўлган квартираларда яшовчи фуқаролар электр энергия ва табиий газ истеъмолини тежашга қанча ҳаракат қилсалар ҳам нормадан ортиқ сарфлашга ва ортиқча маблағ тўлашга мажбур бўлди. Бу эса аҳолининг турли қатламлари ўртасида адолатсизликни келтириб чиқарди.
Сўзимиз бошида ҳар бир мамлакатда қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари давлат ҳамда халқ манфаатлари учун, юртнинг, эл-улуснинг ободлиги, равнақини таъминлаш учун хизмат қилади, деган фикрни айтган эдик. Шу сабабли республика Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сонли қарорини ҳам бир жиҳатдан давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қабул қилинган ҳужжат, деб баҳолаш мумкин. Лекин ҳар қандай мамлакатда давлат манфаатлари халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда намоён бўлади. Давлат манфаатларини ҳимоя қилиш халқ манфаатларини ҳимоя қилишдан бошланади.
Тўғрисини айтганда, бу муаммо бир ярим йилдан буён “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари диққат марказида турибди. Ўтган давр мобайнида муаммо юзасидан “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида ва партия сайтида бир қатор чиқишлар қилинди...
Аммо... Афсуски, гувоҳи бўлиб турганимиздек, муаммо ҳамон ечим топмади. Айниқса, бугун, коронавирус пандемияси сабаб аҳолининг кўп қисми уйда ўтириб қолган бир пайтда бу Юнусобод тумани аҳолиси учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Ечим топмаётган бу муаммо, айниқса, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда, жумладан, Кун.ўз сайтида ҳам бир неча марта кўтарилди.
Жумладан, Кун.ўз шундай ёзади. «Айрим ОАВ тарқатаётган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани аҳолисига электр энергияси ҳақини тўлаш бўйича бошқа абонентларга қараганда тенг бўлмаган шароитлар яратилган.
Бу ҳол 2019 йил 1 январдан Юнусобод туманида ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида жорий қилинган янги экспериментал ҳақ тўлаш тизимининг жорий қилинганлиги билан изоҳланмоқда.
Ҳозирги пайтда, карантин билан боғлиқ вазиятни, яъни аҳолининг кўпчилик қисми ўз вақтини уй шароитида ўтказишини ҳисобга олган ҳолда, Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ва Молия вазирлигига ушбу тажриба бекор қилинишини сўраб, мурожаатнома юборилди.
Шу муносабат билан Юнусобод тумани аҳолиси учун базавий меъёрни бекор қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда», дейилади Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ахборотида”...
Афсуски, юнусободликларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Чунки, экспремент ҳамон бекор қилингани йўқ.
Аҳолини эса бир савол қийнаб келаётир: Нега бир ярим йилдан буён бир мамлакатда фақатгина бир туман аҳолисига ўгай кўз билан қараб келинмоқда? Тўғри, аввалига аҳоли олти ойлик экспремент бир зумда ўтиб кетади, деган фикрга борган эди. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг қарорида аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган олти ойлик муддат бир ярим йилда ҳам якунига етмаётганига ким жавоб беради?
Камол Муҳаммад Ёқуб
"Адолат" ижтимоий-сиёсий газетаси мухбири
Фикрингизни қолдиринг