Янгиликлар 2188
Она тилимиздаги оғриқларимиз
Эс-ҳушимни таний бошлаганимдан буён тилимизда янграган сўзлар бизга она тилимизнинг нақадар муқаддас эканини англатган. “Ассалому алайкум”, “раҳмат”, “ота”, “она”, “нон” каби тобора сафи кенгайиб борувчи жумлаларни меҳр билан адашмасдан, бузмасдан айтишга қайта-қайта ўргандик. Натижада миллатимизга, она-тилимизга хос бўлган сўзларга тоабад боғланиб, ҳурматимиз, муҳаббатимиз ошиб бораверди.
Мен нафақат қизиқиш, балки касбим тақозоси билан ҳам кунига бир неча маротаба ижтимоий тармоқларга мурожаат этаман. Бу олам чексиз имкониятлар олами экани сир эмас, шунданми каттаю кичикни ўзига ипсиз боғлаган. Унда фойдали манбалар бисёр, ким қай томондан ёндошса шунга яраша натижа топади. Бироқ мавзу бу ҳақда эмас. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг тили эса мени кўпроқ ташвишга солади. Уларнинг ўзбек тилида бўлган, бироқ чет тилидаги сўзлар билан айқаш-уйқаш ёзишмалари, пунктацион белгилардан нотўғри фойдаланиши жуда ачинарлидир. Бу эса нафақат тилимизга бўлган ҳурматсизлик, балки давлат тилини чуқур ўрганиш, асраб-авайлашга бўлган лоқайдлик белгиси ҳамдир.
Бугунда мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш жараёнида давлат тилига бўлган эътибор, ҳурмат ҳам кучайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлигига мана бир йил тўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маъанавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда. Халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Давлатимиз томонидан маънавий-ижтимоий ҳаётимизни янада ривожлантиришда, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этишда, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштиришда, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилиши бизларни қувонтиради.
Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидай айнан раҳбарларнинг ўзлари давлат тили меъёрларига амал қилмаётганлари ачинарлидир. Фарғона шаҳрида жойлашган қатор ташкилотларга кириб борганда уларнинг раҳбарларидан тортиб мутахассисларигача рус тилида мулоқот қилаётганларига гувоҳ бўлиш мумкин. Сабаби ҳам оддий “рус мактабида ўқиган”. Хўш, нима қипти, рус мактабида ўқиса? Рус, инглиз, француз каби хорижий тилларга ихтисослашган мактабларни битираётганларнинг ҳаммаси ҳам шу тил билан яшаб қолмаганлар. Улар энг аввало ўз она тилида мулоқот қилади, ўрганган хорижий тилига иш жараёнларида, сафарларида муҳтожлик сезади.
Яна бир ҳолат кишини ранжитмай қўймайди. Қаерга қарамайлик, савдо дўконлари, турли-туман фирмалар, хусусий корхоналар, шоҳобчалар, ошхоналар, гўзаллик салонлари қаторлашиб турибди. Уларнинг номи, пештоқидаги ёзувлари турли тилларда акс эттирилган. Балким, номлар бошқа тилларда ўзгача жаранг сочар, бироқ унинг асл мазмуни нима эканини шу ташкилот мутасаддиларининг ўзлари ҳам билмайдилар.
Яқинда “Beauty cocktail” гўзаллик салонида бўлдим. Салонни чаққон хизматчиларини ишига қойил қоласиз. Уларни суҳбат орасида салонни номи нега бундай аталганини сўрадим. Баъзилари “билмадим” дегандай елка қисишди. Аксарияти эса “Гўзаллик коктейли” - ёмон эмас менимча” деди.
Мен ҳам бу каби номни ёмон дейиш ниятим йўқ. Лекин танлаган номда мантиқ, мақсад бўлиши керак-ку.
Қолаверса, давлат тилига бўлган ҳурматсизликни ёш йигит-қизларнинг суҳбатларида, ёзишмаларида кўриб қаттиқ ранжиймиз. Бугун кўплаб ёшлар хорижий тилларни ўрганишга астойдил киришиб кетдилар. Жаҳон кезишни орзу қилиш қанчалар яхши, ўзга тилни ўзлаштириш ҳам осон эмас. Аммо айрим ёшлар мулоқот жараёнида ўрганаётган ёки ёдлаб олган чет тилидаги сўзларни аралаштириб гаплашаётганлари оғриқли. Айниқса, айрим чет тилига оид сўзларни қўллаётганларида ўзларини ўта “замонавий, маданиятли” ҳис этаётгардирлар, аммо айрим ҳолларда талаффузда, гап тузишда қўпол хатоликларга йўл қўяётганларини уларнинг ўзлари ҳам яхши тушуниб етмайдилар. Бу эса ўз она тилига ҳам, чет тилига ҳам ҳам ҳурматсизлик эмасми?
Туркий тил асосчиси мир Алишер Навоий ҳамда ўзбек миллатининг бир қатор жонкуяр фидойилари тилимизнинг тараққий этишига катта ҳисса қўшдилар. Улар ўзбек адабий тилини сайқаллаб, уни бадиий тил воситалари билан бойитиб, асрлар давомида авлодларга мукаммал тарзда етиб келишида жонбозлик кўрсатишди. Буни ўзларининг қимматли асарларида мужассам этдилар. Шундай экан, асрлар оша бизга мерос бўлиб келган она тилимизни асрайлик.
Маҳиёра БОЙБОБОЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Аёллар қаноти Кенгаши фаоли
Фикрингизни қолдиринг