Онкологик касалликларнинг олдини олишга янгича шароит яратилади

18.05.2021 15:05:39

Жорий йилнинг 17-18 май кунлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Хоразм вилоят филиали ташаббуси билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамкорлигида  мазкур даво масканида “Онкологик касалликларнинг эрта босқичларда  олдини олиш, аёлларда учрайдиган сут бези саратони касаллигини ташхислаш  ва даволашда замонавий ёндашув”  мавзусида семинар ташкил этилди.   

Семинарда  шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган умумий амалиёт шифокорлари,  соҳа вакиллари,  партия фаоллари, депутатлари ҳамда  оммавий ахборот воситалари  иштирок этишди.

Семинар аввалида, соҳа мутахассислари томонидан жорий йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбарининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифи тўғрисида сўз юритилди.

Унда  марказнинг ҳозирги имкониятлари етарли эмаслиги боис давлатимиз раҳбари томонидан Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида Республика онкология марказининг янги биноларини барпо этиш бўйича топшириқ берилгани ҳамда жойнинг ўзида Президент раислигида онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишининг мақсад-вазифалари ҳамда мазмун ва моҳияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Президент кўрсатмасига асосан, касалликларни эрта аниқлаш мақсадида мобил бригадалар тузиб, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли учун профилактик кўриклар ўтказиш зарур. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга мобиль маммографлар ва позитрон-эмиссион томографлар етказиб берилади. Саратон касалликларини эрта аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилиб, махсус онкомаркерлар текширувлари йўлга қўйилиши семинар иштирокчиларига кўтаринкилик бағишлади.

Шундан сўнг, юқори кайфият билан семинар ўз ишини бошлади. Унда   Тошкент  врачлар малакасини ошириш институти Онкология кафедраси доценти Хожиакбар Мирзамуҳаммедов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош рентгенологи, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий–амалий тиббиёт маркази шифокори Ҳамид Матюсуповлар томонидан онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш хусусида тушунчалар берилди.

 Рўза Жуманазарова,  Янгиариқ туман УАШ:

-Семинар давомида тажрибали онкологлар томонидан  онкологик касалликларни, айниқса,  аёллар ўртасида сут бези ва бачадон бўйни саратони касаллигини  олдини олиш бўйича маълумотлар берилди. Олган билим ва кўникмаларимиз қанчадан-қанча  аёлларимизнинг  соғлом  умр кечиришларига хизмат қилади. Ташкилотчиларга ҳамкасбларим номидан миннатдорчилик билдираман.

Бир сўз билан айтганда, онкология соҳасига қаратилган эътибор долзарб мавзуга айланган. Бу  онкологик касалликларга чалинган беморлар сонининг камайиб боришига сабабчи бўлса ажаб эмас.

                                                                                  

                                                                                                Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                              Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                          Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

  

     

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+