Янгиликлар 1826
Онкологияда катта натижа кутилмоқда
Кўпчиликнинг назарида аҳоли орасида кейинги вақтда саратон хасталиклари кўп кузатилаётгандек. Чиндан ҳам шундайми? Бу касалликка чалинганларни даволашга қанчалик эътибор қаратилмоқда? Айни шу саволларга жавоб топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши фаоллари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалида бўлдилар.
Мазкур шифо маскани тубдан ўзгарган. Энг аввало, беморларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида дарвозадан киришдан бошлаб тозалик ва ободонлаштириш йўлга қўйилди. Дам олиш масканларидан сира кам эмас.
Даволаш ишлари жаҳон стандартлари асосида олиб борилаётгани учун олдинги йилларга қараганда беморларнинг яшаш кўрсаткичлари ўсди. Олдин одамлар онкология номини эшитибоқ қўрқиб кетарди. Бугун муносабат ўзгарди. Шифохонага беморларнинг ўзлари келяпти. 10 та бўлимдан иборат, 185 ўринга мўлжалланган тиббиёт масканида 427 нафар ходим фаолият юритяпти.
Ўтган йили шифохонага республикада биринчилардан бўлиб, Европа андозлари асосида даволайдиган нур ускунаси ўрнатилди. Чехиядан келтирилган бу ускуна даволашда жуда катта ҳажмдаги ишни бажаради. Бундан ташқари, жарроҳлик амалиётлари кесиш орқали эмас, лапароскопия ёрдамида амалга ошириляпти. Таҳлилларни қон орқали аниқлаб берадиган ускуналар ишлаяпти. Дунё андозалари асосида даволаш, ривожланган давлатлардаги онкологик шифохоналар билан телемедицина орқали мулоқот қилиш, жаҳон илмий конференция, конгрессларда қатнашиш, улар билан мунтазам алоқада бўлиш имконияти яратилди. Бу соҳа ходимларининг малакасини ошишига олиб келяпти.
Гулжаҳон Ҳакимова, филиал раҳбари:
-Аслида рақамлар ортгани йўқ, шунчаки текширувлар такомиллашди. Бугун бу турдаги касалликларни барвақт аниқлаш учун бирламчи бўғимларда кенг қамровли скрининг текширишлар амалга ошириляпти. Авваллари беморлар шикоятлар юзага келгандагина мурожаат қилган. Айни пайтда вилоятимизнинг ўзида 6685 нафар бемор саратон касаллиги билан рўйхатда туради. Уларнинг кўпчилиги 5 йил яшовчанлик кузатувида бўлиб, ҳар олти ой ва бир йилда текширувга келади. Ривожланган мамлакатлар қаторида биз ҳам яшовчанликни 10 йилга етказишга ҳаракат қиляпмиз. Бу онкологияда катта натижа ҳисобланади.
Саломатлик-энг катта бойлик. Уни асраш учун биринчи навбатда ўзимиз эътиборли бўлайлик. Тиббиёт бу йўлда бизнинг энг ишончли ҳимоячимиз. Буни мазкур шифо маскани фаолияти мисолида аниқ кўриш мумкин.
Қосимжон ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят
кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг