Янгиликлар 1436
Онлайн: Бир томчи қон бутун бир ҳаёт демакдир
Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонидан берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир.
Кимгадир қон бериб унинг жонини сақлаб қолишга ўз хиссасини қўшиш мумкин. Бу жуда хайрли ва савобли иш. Тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам қон беришнинг организмга фойдаси исботланган бўлиб, донорлик қон алмашинишини таъминлаши таъкидланади.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари йилдан йилга такомиллаштириб борилмоқда. Тиббиётга оид қонуний меъёрлар таҳлил этилиб, ҳар бир нуқтага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
2002 йил қабул қилинган “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юртимизда бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. 2016 йили мазкур қонунга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жумладан, унга кўра “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бундан асосий мақсад қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларини бепул донорликка жалб этишдан иборатдир.
2013 йил Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи асосида “Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Унга мувофиқ 18 ёшга тўлган ва тиббий кўрикдан ўтказилган шахс донор бўлиши мумкин. Донорлар дастлаб сўровномани тўлдириш ва суҳбат ўтказиш йўли билан танлаб олинади.
Бугунги тадбирнинг бош мақсади ҳам инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат.
Фикрингизни қолдиринг