Янгиликлар 1716
Онлайн конференцияда коррупцияга қарши курашга оид қарор ва фармон муҳокама қилинди
7 июль куни “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори муҳокамасига бағишланган онлайн конференция ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Адлия вазирлиги масъул ходими, партиянинг ҳудудий Кенгашлари фаоллари иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад коррупция ўта оғир жиноят эканлигини ва унга нисбатан муросасиз курашиш ғоясини ёшларимизга сингдириш, уларга фақат ҳалол меҳнат орқали даромад топишни ўргатишдан иборат.
Таъкидланганидек, коррупция ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширади, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва бу борада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органини ташкил қилиш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Бош прокуратурага тақдим этилди.
Юртимизда меъёрий ҳужжатлар орқали коррупцияга қарши курашишнинг бир қатор манзилли ва самарали йўналишлари белгилаб берилган, хусусан, коррупцияга қарши курашиш учун марказдаги раҳбарлар билан бирга энг қўйи тизимдаги раҳбарларга ҳам масъулият белгиланди. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.
Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилки палатаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаса Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан экспертлар иштирок этиб, мавзу бўйича ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Партиянинг Жиззах ҳамда Самарқанд вилояти Кенгашларидан вакиллари жойларда коррупцияга қарши кураш бўйича жойларда “Адолат” СДП томонидан амалга оширилаётган ишлардан мисоллар келтирилди.
Сўзга чиққанлар коррупция бор жойда на ривожланиш, на юксалиш бўлишини барчамиз тўғри англашимиз, бир ёқадан бош чиқариб унга қарши курашимиз, олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришишда оғишмай ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлашди.
Коррупцияга қарши кураш бўйича партия позицияси қайта кўриб чиқилиб, янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг