Янгиликлар 1265
Онлайн тизимдаги дарслар билан боғлиқ муаммолар бартараф қилиниши зарур
Барчамизга маълумки, Халқ таълими вазирлиги жорий йил 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилди. Бунга сабаб, Коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфининг олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб мактаблардаги таълим жараёни бир ой давомида онлайн шаклда олиб борилади.
Пандемия даврида болажонларимизнинг соғлигини ўйлаб онлайн тизимга ўтилгани жуда яхши. Бу жиҳатдан фарзандларимиз касалликдан ҳимоялангани кўнглимизга таскин беради. Аммо, онлайн тизимдаги таълим сифати ижобий натижа бермаётганлиги кишини ўйлантиради. Тўғри, телевидение каналларида 1-синфдан токи 11-синфгача онлайн дарслар узлуксиз бериб бориляпти. Бундан жуда халқимиз миннатдор. Аммо, интернет билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳануз бартараф бўлмаётганлиги кишини ажаблантиради. Тўғри, интернет тезлиги шаҳарларда яхши, аммо кўпсонли аҳолининг аксарият қисми яшаётган қишлоқ ҳудудларида-чи? Бу саволга ижобий жавоб топиш мушкул. Қишлоқдаги аҳоли болаларининг бу тизимдан тўлақонли фойдалана олмаётганлигидан кўз юмиб кетиб бўлмайди, ахир. Карантин даврида онлайн дарслар йўлга қўйилди. Бироқ ўқитувчилар учун айрим муаммолар пайдо бўлди. Масалан, онлайн дарсларда ўқувчиларнинг қамрови тўлиқ бўлди, дея олмаймиз. Чунки барча оилаларнинг ҳам бажарилган дарсларни телеграмдан вақтида етказиб туришнинг имкони йўқ. Айниқса, уч ёки тўрт нафар ўқувчи фарзанди бор ота-оналар ҳаммасига бирдек вақт ажратишда қийинчиликларга дуч келяпти. Шу каби ҳолатлар инобатга олинган ҳолда якуний баҳоларни чиқаришда ўқувчиларнинг онлайн дарслардаги иштироки нисбатан юқори баҳоланди. Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она учун ҳам бу жараёнда улар ўртасида эътирозлар кузатиляпти.
Узоқ тоғли қишлоқда яшайдиган танишларимдан бири эҳтиёжманд оилаларнинг болалари интернет тизими билан таъминланмаганлиги учун ўқитувчилар ниқоб тақиб карантин қоидаларига амал қилган ҳолда болаларнинг дарсликларни қандай ўзлаштираётганликларидан хабар олиб, хонадонига бориб дафтар текшираётганликларини айтиб қолди. Қишнинг совуғида қишлоқ оралаб ҳар бир шогирдининг таълим-тарбиясини ўйлаётган ўқитувчининг бундай жасоратига таҳсинлар айтгинг келади. Шу ўринда бу каби фидоий ўқитувчиларнинг иш ҳақига устама қўшиб тўланиши керакмикан, деб ўйлайман. Шунингдек чекка қишлоқ ҳудудларидан шаҳарга қатнаб ўқийдиган талабалар учун ҳам шароитлар етарли эмаслиги барчага маълум.
Узоқ тоғли қишлоқларда айниқса электр энергиясидаги узилишлар ва интернет тезлигининг жуда пастлиги сабабли талабалар ҳам бирмунча мушкулликларга дуч келишяпти. Интернетдаги айни пайтда жуда зарур бўлган Moodle системасининг ўзи ҳали мукаммал эмас, 4G интернет тезлиги эса баъзида умуман ишламай қолади. Албатта барча талабалар дарсларга қатнашиши шарт. Аммо бу аҳволда дарсга қандай қатнашиб бўлади?. Агар қолдирилган дарслар сони кўпайиб кетаверса келажакда кадрлар салоҳияти даражаси қандай бўлади?. Ахир уларнинг чет қишлоқларда яшашлари айби эмаску!?. Тўғри, излаган имкон топади, дейишимиз ҳам мумкин, лекин ҳозир айнан пандемия даврида интернет излаб бирор қариндошникига бориш ҳам ўнғайсизликка олиб келади. Онлайн ўқитиш тўғрисида қарорга келиндими, ўқувчи ва талабаларни имкониятлари даражаларини ҳам инобатга олган ҳолда мазкур муаммоларни яна бир қайтадан кўриб чиқиш зарур, деб ўйлайман.
Фахриддин Орифхонов,
Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича
раис ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг