Ўқиш бошқа, уқиш бошқа

02.05.2020 14:05:44

Замон ўзгаряпти, кун, ҳатто ҳар дақиқада содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан танишиш осон кечмаяпти. XXI аср ахборот асри деганлари шу-да. Бу даврда ахборот тарқатувчи ҳар қандай кўринишдаги воситалар, у босма бўладими, электронми, ижтимоий тармоқ ёки телефон, гаджетларми, хуллас, жиддий рақобатга киришиб, уларсиз ҳаёт тарзимиз мазмунсиз бўлди қолди. Бир пайтлар, эсимда, бир умр шу соҳада суягим қотган, “газеталар эрталабки маънавий нонушта” деган ажойиб ибора ҳам бугун гўёки кулгили эшитилаётгани рост.

Газетани тилга олишимдан мақсад, кейинги пайтларда, айниқса, коронавирус пандемияси хуружи бошлангандан буён яна шу мавзу кун тартибига чиқди. Дунё ташвишларидан чалғиб, карантинда ўтириб зерикди шекилли, яна журналистика муаммоларидан бирига айланиб улгурган босма нашрлар тақдири хусусида айрим “замонадан ўзиб кетган” дўстларимиз башорат қилишга тушди. Бунинг исботи сифатида Миллий масс медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов “Qalampir. uz” сайтига берган онлайн интервьюсида ўзи осмондан тушгандек  шундай деб қолди:

“Бизнинг прогнозларимиз бўйича, коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиқадиган эҳтимолий иқтисодий инқирознинг матбуот соҳасига ҳам таъсири катта бўлади. Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва даврга кириб келмоқда. Хусусан, босма нашрларга келадиган бўлсак, уларнинг келажагини кўрмаяпман. Аслида, бу инқирозлар бошланмаганида ҳам, газеталар аллақачон ўтмиш маҳсулоти.

...Масалан, мен деярли газета ўқимайман, охирги марта қачон ўқиганимни ҳам эслай олмайман. Ҳаттоки телевизор ҳам кўрмайдиган бўлиб кетдим. Ҳамма информацияларни гаджетларим орқали оламан.”

Тўғри, тараққиёт биз кутганимиздан ҳам анча илгарилаб, тезлашиб кетди. Интернет тармоқлари бутун дунёни ўргимчак тўри каби қамраб олди. Тожсимонвирус баҳонасида мамлакатдаги аксарият соҳалар,  айниқса, таълим тизими билан боғлиқ барча тармоқлар, жумладан, бевосита ахборот оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳам онлайн тизимига ўтиб олди. Бу замонавий тизим пойтахт, Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказларида анча оммалашди. Энг ривожланган давлатларда ҳам ушбу тизим бир неча йил ичида кенг ёйилган бўлса, бизда бир-икки ойдаёқ тўла ўзлаштирилиб, ишга тушиб кетди.

Хўш, ўзи шу соҳада тажриба орттирганини кўп бора иддао қиладиган жаноб Алламжонов қайси асосларга таяниб, газеталар бундан кейин қоғоз шаклида керак бўлмай қолганини тинмай такрорлашига сабаб нима? Уларнинг барчасини бирданига онлайн усулига ўтказиш шартми? Аввал шу хусусда бироз мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Газеталар дастлаб VII асрда Хитойда “Ди бао” - “Пойтахт ахбороти” номи билан пайдо бўлган. Ҳозирги газеталарнинг дастлабки намуналари эса XVI - XVII асрларда Европада дунёга келган. Улар хусусий шахслар, аксарият матбаачилар, ноширлар, алоқа- почта ходимлари томонидан нашр қилинган. Илк газеталар ҳафтада ва 15 кунда бир марта чоп этилиб, кам нусхада тарқатилган. Уларда асосан сарой янгиликлари, тижорат хабарлари босилган. XVI асрда Венецияда ёзма ахборотлар учун “Газзетта” чақа-пул деган маънода босма нашрлар оммалашган. Кейинчалик 1631 йилда Парижда қирол Людвик XIII (1586-1653)нинг шахсий шифокори ва йилномачиси Теофаст Ренодо парижлик китобфурушлар Луи Вандам ва Жао Марпэн билан биргаликда “La Gazzette”  номли вақтли босма нашрини ташкил этишган. Шу-шу ҳозирги кунгача газета номи бутун дунё бўйлаб тиллардан тилларга ўтиб келмоқда.

Замонавий ўзбек миллий матбуоти тарихи ҳам ўтган асрнинг бошларида, яъни 1906 йилнинг 27 июнига тўғри келади. Ўша санада “Тараққий” газетаси нашр қилинган. Бу сана Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори (1993) билан “Матбуот ва оммавий ахборот  воситалари ходимлари куни” сифатида белгиланган.

Газеталар бир неча аср давомида тарихан ўз зиммасига юклатилган муҳим вазифани ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва илмий ҳаётга оид далзарб ахборотни ҳозиржавоблик билан турли публицистик шакл (жанр)ларда оммага етказиб, шу йўл билан ўз ўқувчиларида ҳаёт воқеликларига нисбатан маълум муносабат ва тасаввур пайдо бўлишига, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ғоя ва эътиқодлар шаклланишига таъсир кўрсата бориб, жамоатчилик фикрининг маҳсули ва ифодачиси бўлиб келди. Нафақат ахборот воситаси, балки муайян даврнинг воқеа-ҳодисалари, янгиликларини, ривожланиш силсиласини ўз саҳифаларида муҳрлайдиган энг муҳим тарихий ёзма йилнома вазифасини ҳам ўтади.

Энди юқорида тилга олинган “газеталар аллақачон ўтмиш маҳсулоти”, деган фикрга тўхталадиган бўлсак, бу ўтмишни унутиш ва тарихий ҳақиқатдан юз ўгиришдан бошқа нарса эмас. Шахсан, ушбу нони қаттиқ соҳанинг озми-кўпми, машаққатини чеккан бир журналист сифатида айтаманки, оммани чалғитиш мақсадида билдирилган ушбу тошбосмас гаплар босма нашрлар, қолаверса, ўзбек журналистикаси нуфузига соя сололмайди.

Газеталар нафақат оммавий ахборот воситаси, балки ўз меҳнати, халқи ҳаёти, тараққиёти, миллий қадриятлари, тарихини ўз саҳифаларида муҳрлайдиган энг ишончли ёзма манба ҳамдир. Хўш, уларни онлайн усулига ўтказдик, дейлик ҳам. Масалан, карантин даврида айрим газеталарнинг ана шундай шаклдаги  5-6 та сони чиқди ҳам. Ҳатто болалар нашрлари, хусусан, “Тонг юлдузи”нинг бир нечта сонини ўзим ҳам неваралар билан мутолаа қилдик. Очиғини айтаман, ҳеч ўхшамади-да, қўлингга олиб ўқиш билан кўз нурингни экранчага қаратиб кузатиш бошқа экан. Бу, шахсан менинг фикрим. Биламан, кимгадир ёқади, кимгадир...

Энди савол туғилади. Хўш, газеталар эскилик сарқити экан, унда ҳозирги куннинг энг сўнгги воқеа-янгиликларини ёритаётган барча электрон оммавий ахборот воситаларининг интернет нашрлар сайтлари, блогерлар хабарларининг электрон версиялари бекаму-кўст ҳолда Ўзбекистон миллий кутубхонаси фондига келиб тушаяптими?! Ёки республика Давлат архивидан жой олаётганмикан? Бу ҳам жумбоқ, дўстлар.

Шу баҳонада бир тарихий воқеани эсламоқ жоиз. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга илк хорижий ташрифи (1991 йил, 18-20 август) туширилган видеокассета бекаму-кўст сақланмаган. Чунки у даврда видеокассеталар камёб бўлганидан ўчирилиб, бошқа воқеа-ҳодисалар ёзиб кетилаверарди. Ушбу тарихий ташриф Москва марказий телевидениесининг “Время” ахборот кўрсатуви топшириғига биноан олиниб, уларнинг буюртмаси бажарилган, холос. Мана сизга замонавий электрон ахборот воситаси. Ҳали бизда Интернет соҳаси бўйича электрон нашрлар, сайтлар, блогерлар хабарлари, онлайн услубдаги мулоқотлар мажмуасини тўлалигича шакллантириб сақлаш тизими тўла шаклланмаганини нега бугун босма нашрлар “ўлими”дан огоҳ қилаётган валломатлар тан олгиси келмаяпти? Биз фақат бугун ё эртамиз билан яшамаймиз-ку, кечаги кунлар-чи, нега бир зумда унутишимиз керак, унда хотирамиз ўчириладими? Ортимиздан келаётган ворисларимиз нимани ўқийди, айтинг!

Ҳозиржавоблик борасида, яъни ахборот тарқатишда интернет тармоқлари хизматини ҳеч ким инкор қилолмайди. Менинг ўзим ҳам кунига бир неча бор турли сайтларга мурожаат қиламан. Бу замон талаби. Лекин бу дегани босма нашрлар, кунлик, ҳафталик газеталар, ойда, ҳар чоракда чоп этилаётган журналлар энди батамом ўз вазифасини бажариб бўлди, дегани эмас-ку! Уларнинг ҳам ўзига хос тарихий ўрни бор. Табиийки, уларнинг аксарияти бугун иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Албатта бунинг сабаблари бисёр, аввало, муассисларнинг масъулиятсизлиги, қолаверса, почта, матбуот тарқатиш тизимларининг бутунлай издан чиқиб кетганлиги, талаб ва эҳтиёжни ўрганмаслик, эгасизлик, кадрлар қўнимсизлиги ва бошқа қатор омиллар жиддий таъсир кўрсатмоқда. Моҳиятан ва мазмунан ўз фаолиятларини давр талабига мос равишда такомиллаштириб, янгича услубда воқеа-ҳодисаларни ёритишлари шарт.

Аслида мутолаа ҳам санъат. Китобхонлик, газетхонлик бизнинг ота-боболаримиз учун энг суюкли машғулот саналган. Бугун сал ғалатироқ туюлади,  ҳар бир ҳудудда ўзи танлаб ўиган нашрларнинг  ҳатто ишонмайсиз, 40-50 йиллик тахламларини уйларида асраб авайлаб келаётган юртдошларимиз ҳозир ҳам орамизда кам эмас.

Биз тарихий бир даврда яшаяпмиз. Яширмаймиз, тожсимонвирус деган балои офат ҳамма соҳага ўз таъсирини ўтказмоқда. Бу синовли кунлар ҳам ўтади. Бутун дунёни ларзага солиб турган хавф аста-секин чекиняпти.  Шундай бир даврда юзага келган вазиятдан омон-эсон чиқиш йўлларини изламасдан, мавжуд имкониятларни ишга солишни тавсия этмасдан, ёрдам қўлини чўзмасдан кўпчиликка манзур нарсани эскиликка чиқариш ҳақиқий ватанпарварнинг иши эмас. Бундай ножўя ишни журналистиканинг, газетачиликнинг тупроғини ялаган фидойи инсонлар ҳеч қачон қилмайди. Ҳақиқий ижод жонфидоликни талаб этади. Юртбошимизнинг  бир сония ҳам ортга чекинмай, қийинчиликларни мардонавор енгиб,  ички имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ақл заковат билан халқимизни дадиллик билан олға бошлаб бораётганлигини бутун дунё тан олмоқда.

Мен Комил Алламжоновнинг сайтлардаги кўпгина чиқишларини кузатганман. Уларда у ўзини матбуотнинг сир-асрорларини чуқур билимдонлигига даъво қилган бўлса-да, кейинги пайтларда, айниқса, у шу соҳага бевосита дахлдор масъул вазифалардан бошқа, яъни жамоат фонди(аслида бу ҳам ОАВлар билан боғлиқлигини унутмайлик)га ишга ўтганидан кейин аввалги позицияларини эсдан чиқараётгани ажабланарли. Агар у чинданам ахборот тарқатиш тизимининг чинакам ғамхўри, жонкуяри бўлганида эди, ота-боболари ўқиган, ҳатто Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам нашр этилган, кўпгина машҳур ўзбек ёзувчи-шоирлари, зиёлилари учун ўзига хос ижод мактаби ролини ўйнаган, шу йилнинг 8 февралида 95 йиллигини қаршилаган, бир сўз билан айтганда, мустақиллигимизнинг ҳақиқий жарчиси(шубҳаланганлар ушбу нашрнинг 1980 йиллар охири, 1990 йиллар бошидаги тахламларини кўздан кечиришларини тавсия қиламан) “Туркистон” – ҳозирги “Ёшлар овози” газетасининг шу кунларда нега чиқмай қолганлиги билан қизиқиб кўрган бўларди!

Энг ривожланган хорижий давлатларда газеталарнинг тиражи тушиб кетаётгани йўқ. Мисол учун ахборот коммуникация технологиялари энг мукаммал ривожланган давлатлардан бири Японияда анъанавий газета муштарийлари Интернетга боғланиб қолишга шошилмаяптилар. Ҳозирги пайтда кунига 72 млн. нусхада чоп этилаётган нашрлар ҳамон кўпчиликнинг севимли ҳамроҳи ва дилдоши бўлиб қолмоқда.

Тан олиш керак, интернетдаги баъзи олди-қочди янгиликлар одамларни бездириб қўйгани ҳам ҳақиқат. Бизда ҳам шундай ҳолат такрорланиб, бир муддатдан сўнг электрон ахборотдан безиб, яна босма нашрлар мутолаасига қайтишларига шубҳам йўқ.

Газета-журнал ошёни қаерда деб сўраяпсизми? У боғда ҳам, тоғда ҳам эмас. У сизу бизнинг беғубор қалбимизда, шууримизда. Қоғозга битилган сирли сатрларни қанча ўқисангиз ҳам адоғига етолмаймиз. Саҳифалардаги залворли  таҳлилий публицистик мақолалар, замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги очерклар, туркум репортажлар, коррупцияни фош этувчи фельетонлар(гарчи кейинги йилларда сусайиб кетган бўлса-да)... Улардан олган завқ-шавқни, таассуротни қайси электрон газета ёки сайтдан, борингки, телеграм каналдан оласиз?

Ҳозирги кунда юзага келаётган бундай муаммоларнинг асл моҳияти яна обунага бориб тақалади. Ана шу масала буткул ҳал қилинмагунча ҳар хил тортишувлар, баҳс-мунозаралар давом этаверади. Обуна ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳар бир газета-журнал таҳририяти ўз муассаси билан шартнома имзолаган. Ўша шартномага асосан бу мураккаб вазифани муассис ташкиллаштириши, таҳририятга амалий ёрдам кўрсатиши алоҳида таъкидланган. Ижрога келганда эса...

Масалан, Халқ таълими вазирлиги ўзи муассис бўлган “Маърифат” газетаси, “Тонг юлдузи”, “Класс”, “Гулхан”, “Ғунча” болалар нашрларига обунани расмана ташкил этса, яъни мактабларнинг ҳар бир синфи биттадан обуна бўлишса, олам гулистон, муаммо батамом ҳал бўлади. Бу жараёнда ҳеч қандай мажбурий обуна йўқ. ХТВ тавсия этади, дарсликларни сотиб олишганларидай. Ўқувчи дарсликларга қўшимча равишда мутолаа қилиш учун обуна бўляпти. Кўпгина бошланғич синф ўқувчилари обуна нималигини билишмайди, уларга доимо, ҳаммавақт обунани устози ёки ота-онаси қилишган. Кейинги йилларда “мажбурий обуна” деган бузғунчи ғоя асносида ана шу тизим бузилиб, жуда бўлмағур муаммони юзага чиқарди. Ёки олайлик “Туркистон” – ҳозирги “Ёшлар овози” – “Молодёж Узбекистана”, “Ёш куч”, “Ёшлик” нашрларига обуна ҳам ҳар бир ёшларнинг бошланғич ташкилоти биттадан обуна бўлишса бас муаммо ҳал бўлади. Бунда ҳеч ким ютқазмайди.

Мажбурий обуна дея оғиз кўпиртираётганларнинг баҳонаси куракка турмайди аслида. Ана шундай тоифадаги ота-оналар эркатой фарзандларига жарақ-жарақ пул сарфлаб, энг сўнгги русумдаги қўл телефонлари, планшет, ноутбук олиб беришаётганига гувоҳмиз. Айнан ана шундайларнинг бошқаларга кўрсатаётган аянчли таъсири ҳақида эса миқ этмаймиз.

Биз йўқ муаммоларни ўзимиз туғдиряпмиз. Бу билан миллий матбуотимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборига путур етказаётганимизни биламизми? “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистоннинг 156-ўринда туриши ва бу кўрсаткичнинг айрим кимсаларни қониқтириши кулгили эмасми? Республикамизда матбуот, ахборот тарқатиш масаласида юқорида таъкидланган муаммоларни ҳал қилмас эканмиз, халқаро миқёсдаги обрўмиз яхшиланмайди.

Жаббор РАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат

 кўрсатган журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+