Оққўрғонда янги зиё маскани ишга тушди

10.02.2021 16:02:43

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида Тошкент вилоятида қурилиб фойдаланишга топширилган кутубхоналар сони бугун  яна биттага кўпайди.

Оққўрғон туманидаги “Бирлик” маҳалласида замонавий электрон кутубхонанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда туман ҳокимлиги, туман маданият бўлими, “Адолат” социал-демократик партияси Оққўрғон тумани Кенгаши ҳамда 200 га яқин китобхон  ёшлар, маҳалла фаоллари, ташкилот ва муассаса раҳбарлари иштирок этишди.

Маҳаллий бюджет ҳисобидан қисқа вақтда бунёд этилган кўркам  ва замонавий бинода 5000 дан зиёд бадиий адабиётлар ва интернет кутубхона мавжуд. Кутубхона таркибида китоб дўкони ҳам жойлашган. Бу ерда  интернет кутубхонадан фойдаланиш имконияти мавжуд. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 50 нафар ўқувчига хизмат  кўрсата олади. 

Аввал фойдаланилмай ётган мазкур қаровсиз майдон ободонлаштирилиб, гулзорга айлантирилди. Бу ерга очиқ табиат қўйнида китоб мутолаа қилмоқчи бўлган китобхонлар учун ўриндиқлар жойлаштирилган.

Ушбу кутубхонанинг ташкил этилиши маҳалла  аҳли ва ёшларни мамнун этди, — дейди Халқ депутатлари Оққўрғон тумани Кенгаши депутати Алишер  Қурбонов.  — Келгусида партиянинг туман Кенгаши ҳамда Бирлик маҳалласи ҳамкорлигида энг кўп китоб ўқийдиган китобхонлар ўртасида китобхонлик танловини ўтказишни режалаштирганмиз.

Тадбирда сўзга чиққан ёшлар масаласи бўйича туман ҳокими  ўринбосари Жахонгир Жониқулов бу каби кутубхона бошқа секторлар ҳудудида ҳам очилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.  

Тадбир якунида  депутат  А.Қурбонов кутубхонага 150 дона бадиий китоб туҳфа қилди.  

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+