Янгиликлар 3455
Аҳолига “Ақлли тиббиёт” керакми?
Бугунги ўрганишлардан сўнг бу саволга “Ҳа”, деб дадил жавоб беришга ишонч хосил қилдик. Бинобарин, Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бугун тубдан ўзгарган. У қулай шароит ва малакали шифокорлар орқали аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан банд. Барча турдаги тиббий ёрдам амалга ошириш имконияти мавжудлигидан ҳудуд аҳолиси учун марказга мурожаат қилишга ҳожат қолмади. Тиббиёт муассасасига ташриф буюрган ишчи гуруҳ барча жараённи ўз кўзи билан кўрди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан “Сайловолди дастуримиз орқали “Ақлли тиббиёт”ни илгари сурамиз” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ундан асосий кўзланган мақсад аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, бу борада партия сайловолди дастурида келтирилган фикрларни муҳокама этишдан иборат.

Унда Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган тиббиёт муассасалари шифокорлари, вилоят соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарияти, туман ҳокимлиги вакиллари, шаҳар ва туманлар ҳудудий тиббиёт бирлашмалари бош шифокорлари, экспертлар гуруҳи аъзолари, вилоят Кенгаши фаоллари иштирок этди.
Давра суҳбати аввалида ишчи гуруҳ Оққўрғон туман тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрди. Бугунги ўрганиш икки йўналишда олиб борилди. Биринчидан, шифохонадаги тиббий хизмат сифати кўздан кечирилиб, беморлар ҳолидан хабар олинган бўлса, иккинчи мақсад асосида тиббиётчиларнинг фикри ўрганилди. Шифокор касбининг манфаатларини ифодалаш учун қандай қонуний меъёрлар зарурлиги аниқланди. Хонама хона юриб, беморларнинг фикрини тинглаш, муаммоларини қайд этиш билан бир қаторда тиббиётчиларнинг таклифлари ҳам йиғиб олинди.

- Ходимларимиз орасида “Адолат” СДП аъзолари талайгина – дейди тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Муҳаррам Султонсаидова – улар орқали партия сайловолди дастурига ўз таклифларимизни етказиб турамиз. Бугунги давра суҳбати ана шу фикрларни умумлаштириш учун айни муддао бўлди.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан дастурда соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ жой ажратиш таклиф этилди. Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
- Муассасада охирги пайт тиббий хизмат сифати анча ошди – дейди туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлими мудири Гулнора Юсупова – Аммо камчиликлардан ҳам кўз юмолмаймиз. Масалан, бизда реанимация бўлими йўқ. Ваҳоланки туғуруқлардан сўнг реанимацион ёрдамга эҳтиёж сезадиган аёллар кўп учрайди. Яқин вақт ичида жорий этилишига умидвормиз.
Куннинг иккинчи ярмида партия ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокимининг секторида жойлашган Алимкент ҳудудидаги 33-сон қишлоқ оилавий поликлиникасига ташриф буюрдилар.

- Биз бугун чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари қандай ислоҳотларни кутаётганини ўрганишга ҳаракат қилдик – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаева – Уларда ютуқлар билан бирга тузатилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, шифокор маошини иш ҳажмига мослаштириш, патронаж учун машиналар ажратиш, 24 соатлик стерилизация хизмати жорий этиш, зарур штатлар очиб, кадрларни кўпайтириш, аёллар маслаҳатхоналари фаолиятини кучайтириш каби таклифларни йиғиб олдик. Биз улардан албатта, янги сайловолди дастуримизни тузишда фойдаланамиз.
Поликлиникадаги ўрганишлардан сўнг экспертлар ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқот туман ИИБ бошлиғи секторида жойлашган Акмал Икромов ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктида ташкил қилинди.

- Бугун ўрганиш мақсадида ташриф буюрган тиббиёт муассасаларимиздаги шароитлардан кўнглимиз тўлди - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов – Бироқ, беморларнинг турнақатор навбати, тиббиётчиларнинг ҳужжатбозликлари соҳада янада кўпроқ ислоҳотлар олиб бориш шартлигини исботламоқда. Электрон поликлиника, электрон навбатлар механизми ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилса, инсонлар ўз саломатликларини мустаҳкамлашда вақтдан ютқазмайдилар.
Партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров иштирокчиларни тиббиётга оид қонунлар мазмуни билан таништирди. Шифокорларнинг нуфузини ошириш, хавфсизлигини таъминлаш, тазйиқлардан ҳимоялаш масалалари бугунги кунда тобора долзарблашиб бораёганини таъкидлади.
Айтиш жоизки, “Ақлли тиббиёт”ни амалга татбиқ этишда соҳа вакилларидан иборат экспертлар жалб қилиниб, 10 дан ортиқ таркибда ишчи гуруҳи шакллантирилди. Мазкур ишчи гуруҳ соҳа мутахассислари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар ҳамкорлигида мақсад ва вазифаларни белгилаб олган.
Шунингдек, партия томонидан соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш мақсадида вилоятлар кесимида шаҳар ва туманларда митинглар ташкил қилиш режалаштирилган.
Аниқки, тиббиётда ахборот технологияларини кенг жорий этиш фурсати етди. Баҳслар мобайнида “Ақлли тиббиёт”ни ёқлаб билдирувчи фикрлар баробарида камчиликларини кўрсатиб берувчи мулоҳазалар ҳам билдирилди. Экспертлар кенгаши томонидан таклифлар умумлаштирилди ва сайловолди дастурни такомилга етказишда инобатга олиниши билдирилди.
Дурдона ФАЙЗИЕВА,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Матбуот хизмати масъул ходими

Фикрингизни қолдиринг