Ўқув бўлганидан кейин имтиҳони ҳам бўлади-да

07.04.2021 18:04:57

Гулистон давлат Университетининг ўқув аудиторияларида доимгидан фарқли равишда талабалар ўрнида сиёсий партия вакиллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари дарсларда қатнашиш имконига эга бўлишди. Сабаби “Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партияларда ишларни ташкил қилиш” мавзусидаги дарс соатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясининг профессор ўқитувчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маърузалар, очиқ мулоқотлар кўринишида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ходимлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларидан ўттиз нафари ўқувнинг иккинчи гуруҳ тингловчилари сифатида иштирок этишган эди. Яъни жорий йилнинг март ойидан буён давом этиб келаётган сиёсий ўқувларда иккинчи гуруҳ битирувчилари учун имтихонлар жараёни ҳам бўлиб ўтди. Онлайн тарзда тест топшириқларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга махсус сертификатлар партиянинг вилоят Кенгашида тантанали равишда топширилди.

Сайлов йили сифатида сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятида янада жонланишни тақазо қилаётган жорий йилда мазкур ўқувнинг босқичма-босқич ташкил этилгани айни муддао бўлди, дейиш мумкин. Халқ депутатлари вилоят ва туман-шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда партиямизнинг ҳудудий Кенгаш раислари иштирокини таъминлаш масаласига жиддий ёндашилгани сертификат олиш учун ўтказилган имтихонларда ўз самарасини кўрсатди. Яъни ўттиз нафар тингловчидан барчаси махсус сертификатга эга бўлишди. Чунки партиямиз тингловчилари ўқув курслари шунчаки ташкил қилинмаётгани, дарс соатларига киритилган мавзу ва масалалар долзарблиги жиҳатдан сайлов жаранёларида ас қотишини яхши англаб етишди.

Тўғри, баъзи бир депутатларимиз ва Кенгаш раисларимиз маълум бир сабаблар билан ўқув соатларига тўлиқ қатнаша олмаган вақтлари ҳам бўлди.  Лекин ўзаро фикр алмашиш, дарс мавзуларига оид тақдимотларнинг телеграмдаги гуруҳларга жойлаштириб борилгани сабабли барча тингловчиларда маълумотлар базаси шаклланди, дейиш мумкин. Натижада ўқув курсининг иккинчи гуруҳи тингловчилари сертификатларга эга бўлишди. Ҳозирда ўқувнинг учинчи гуруҳи ҳам самарали тарзда ташкил этилиб, дарс жараёнлари давом этмоқда. Йигирма тўққиз нафар тингловчини қамраб олган машғулотлардан эса ҳамма ўзига керакли маълумотни олишига имкон берилмоқда. Энг муҳими ўқув бўлганидан кейин имтихони ҳам бўлишини партиямиздан иштирок этаётган тингловчиларимиз унутмаса бўлгани.  

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+