Янгиликлар 2005
Таълимда тижорат: ўқув курслари ва репетитор...
Ижтимоий тармоқлар бугунги кунда ахборот олиш ва тарқатишнинг энг тезкор воситаси бўлиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг мавзуси ва йўналиши ранг-баранг. Аксарияти одамларни ҳаяжонга солади, ўйланишга мажбур қилади.
“Миллий сертификат” имтиҳонлари бўйича тарқалаётган маълумотлар юзасидан ҳам шундай дейиш мумкин. Аслида Давлат тест маркази томонидан масала ўз вақтида тўғри кўтарилган. Яъни миллий сертификатни жорий этиш керак, албатта. Аммо бу жараён қандай ташкил этилиши ҳақида пухта ўйлаб кўрилмаган. Оқибатда таълим атрофида уни тижоратлаштириб, пул топишга интилаётганларнинг “ови юриб қолган”.
Демак, бу масалада тартиб ўрнатилиши талаб этилади. Акс ҳолда таълим соҳаси қонунга хилоф равишда тижоратлашиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу эса аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилмай қолмайди.
Умуман, шу ўринда таълим соҳасидаги нодавлат тизим – хусусан, ўқув марказлари ва репетиторлар фаолиятини танқидий таҳлил этиш фойдадан ҳоли эмас, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, улардаги тўловлар миқдори ўрганишга арзийди.
Бундан ташқари, айрим ўқув марказлари ўзбошимчалик билан ноширлик фаолиятига қўл урганлар. Улар турли фанлар бўйича тест саволлари ва уларга жавоблардан иборат тўпламларни чоп этиб, савдога чиқармоқдалар. Бу ишга ихтисослашган матбуот нашрлари ҳам бор. Уларнинг фаолияти қонун талаблари даражасидами ёки йўқми? Бу масала ўрганишга лойиқ, деб ҳисоблаймиз.
Ёки репетиторлик масаласини олайлик. Ҳамма ерда – мактабда, коллежда, олий ўқув юртларида ҳурматли устозларимиз ёшларга қўшимча билим бериш билан шуғулланадилар. Бунинг учун яхшигина ҳақ ҳам оладилар. Аммо ҳозиргача топилган бундай даромаддан солиқ тўлаган кишини учратмадик. Бу ишда ҳам тартиб ўрнатилса, ёмон бўлмасди.
Қисқаси, жамиятда таълим ва тижоратнинг ўрни ҳамда вазифалари аниқ белгиланиши лозим.
Исроилжон ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Наманган вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг