Янгиликлар 3638
Ўқувчилар Бобурнинг серқирра фаолияти билан танишдилар
Куни кеча “Адолат” СДП Яккасарой туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 135-мактабда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди. Бобур ҳаёти ва унинг ўлмас ижоди ҳақидаги бадиий кеча тарзида кечган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Мамарасул Ахматов, 6-“Полвонариқ” сайлов округидан сайланган депутат:
— Кўпчилик юртдошларимиз Бобурни шоҳ ва шоир сифатида танийди. Бироқ унинг фаолиятига синчков назар солсак, ҳар жабҳада серқирра инсон эканлигига гувоҳ бўламиз. Унинг бизга мерос қилиб қолдирган “Бобурнома” асари Бобурнинг тарихчи, географ олим ҳам эканлигидан далолат беради.
Жамшид Насруллаев, 14-“Равнақ” сайлов округидан сайланган депутат:
— Заҳириддин Бобур ўз бошқарувидаги халқига жуда ҳам адолатли, шу билан бирга нозиктаъб шоир, маърифатпарвар инсон бўлган. У мудом ватан соғинчи билан яшаган. Ватанидан айро яшаганлигини унинг армон билан битилган сатрларидан ҳам англаш мумкин:
Толеъ йўқки, жонимға балолиғ бўлди
Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди
Ўз ерни қўйиб, ҳинд сори юзландим
Ё раб нетайин не юз қаролиғ бўлди
Тадбир давомида ўқувчилар билан Бобур ҳаёти ва ижоди тўғрисида савол-жавоблар ўтказилди. Тўғри жавоб топганлар партия томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг