Ўқувчиларни ижодга чорлаган мавзу

05.03.2021 09:03:02

Яқинда Тўрақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби ҳовлиси одатдагидан анча гавжум бўлди. Меҳмонлар орасида ота-оналар, бошқа таълим муассасаларининг ўқувчилари ва уларнинг устозлари, жамоатчилик вакиллари бор эди. Ниҳоят, ҳамма кутиб турган лаҳза, яъни “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиори остида ўтказилган иншолар танловининг туман босқичининг ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир февраль ойида барча умумтаълим мактабларида ўтказилганди.

Тўпланганларнинг олқишлари остида мажлислар залининг саҳнасига бирин-кетин ижодкор ўқувчилар чиқиб келишди. Уларнинг ҳар бирига Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев, туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Аъзамжон Эшонов Фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари тақдим этишди. Ғолиблар шаънига илиқ сўзлар айтилди, танловнинг келгуси босқичларида муваффақиятлар тилашди. Ўқувчилар ҳам ўз навбатида дил сўзларини айтишди.

– Биз ёшларнинг ҳар бир ютуғида устозларимизнинг катта ҳиссаси бор, - деди 1-умумтаълим мактабининг олтинчи синф ўқувчиси Азиза Ҳамидхонова. – Мен математика, география, адабиёт, тарих сингари фанларга жуда қизиқаман. Бадиий китобларни ўқишга ҳам қизиқаман. Шунинг учун иншони ёзиш унча қийин бўлмади. Билмаганларимни муаллимларимиздан сўраб олдим. Ўйлайманки, келажакда бизга коррупциясиз жамиятда яшаш насиб этади. Аксарият тенгдошларимиз ҳам шундай фикрда.

Шу ўринда иншолар танловини ташкил этишда халқ таълими бўлими мутасаддилари катта ёрдам кўрсатганликларини қайд этиш лозим. Партиямиз ташаббуси билан бошланган эзгу ишдан биронта мактаб четда қолгани йўқ. Бунда бўлимнинг ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича услубчиси Нигора Мамараҳимованинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки у барча касбдошлари фаолиятини мувофиқлаштириб турди. Нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар учун ҳам қўшимча сабоқлар ташкил этилди. Бу каби омиллар танловни юқори савияда ўтказишга, болаларнинг ижодий қобилиятларини тўла намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратди.

Биз тақдирлаш маросимидан сўнг туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Аъзамжон Эшоновнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

– Зиёли инсон ва педагог сифатида жамият ҳаётида рўй бераётган воқеаларни, турли янгиликларни мунтазам кузатиб бораман. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатда коррупцияга қарши кескин кураш бошланганлигини яхши биламан. Чунки бу ярамас иллат ҳар қандай тараққиётнинг йўлига тўсиқ бўлади, одамларда келажакка ишончни сўндиради, кайфиятга салбий таъсир қилади. Шу жиҳатдан қараганда “Адолат” социал-демократик партияси бу мавзуда иншолар танлови ўтказиш ташаббусини олға суриб, ўта фойдали ишга қўл урган. Чунки коррупцияга қарши курашнинг аҳамиятини ҳар бир киши теран англаб етиши керак. Мактаб ўқувчиларида ҳам шу хислат шаклланса, юрт тараққиётига муносиб улуш қўшилган бўлади. Порахўрлик, юлғичлик, таъмагирлик, бировларнинг ҳақига хиёнат, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик сингари ножоиз иллатлар қанча тез барҳам топса, шунча яхши. Бу нафақат менинг, балки барча педагогларнинг якдил фикридир.

Ҳа, партиямиз ташаббуси жамоатчилик томонидан мана шундай қўллаб-қувватланмоқда. Наманган вилоятида иншолар танловининг туман (шаҳар) босқичлари юқори савияда ташкил этилаётганлиги ҳам бундан далолатдир.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+