Янгиликлар 1270
Ўқувчиларнинг мактабда олаётган баҳолари ўзлариники эмас, ота-оналарники!
Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларида ўқитилаётган дарсликлар юзасидан аҳолидан, ота-оналардан бир қанча шикоятлар келиб тушиб, ҳаттоки ижтимоий тармоқларда ҳам кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу айниқса, 2021 йилги пандемия (карантин) даврида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари онлайн ўқитилиши даврига тўғри келди. Сабаби, айнан шу даврда ота-оналар ўз фарзандлари билан тенг баробар дарс қилишлари (шеър ёд олишлари, мисоллар ишлашлари)га тўғри келди. Ушбу даврда ота-оналар бошланғич синф (3-4-синф)даги фарзандларининг айниқса математика фанидан қийналаётганликлари, мисоллар эса ҳақиқатдан ҳам ёшига ва синфига тўғри келмаслиги, жумладан бошланғич синф ўқувчилари дарслигида нисбатан юқори синфда ўқитиладиган Геометрия фанидаги чизмаларнинг мавжудлиги, шунингдек “тенглама”лар масала сифатида берилганлиги яққол кўриниб қолди. Жумладан, Олмазор туманидаги умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчилари ҳам ҳолат юзасидан Халқ таълими бўлимига мурожаат қилганликлари, аммо мурожаатлари айрим сабабларга кўра кўришсиз қолдирилиб, бунинг натижасида бошланғич синф ўқитувчиларининг ўзлари эса математика фанидан тайёрлов курси (репетитор)га бораётганликлари маълум бўлди. Бунинг натижасида, ўқувчиларнинг дарсларини бевосита ота-оналар томонидан ишлаб берилиши ҳолатлари кузатилиб, дарсларни бажара олмаган ота-оналар фарзандларининг синфдошлари ота-оналарига мурожаат қилиб ўзаро уй ишларини бажарганликлари ҳеч кимга сир эмас.
Бундан кўриниб турибдики, ҳақиқатдан ҳам дарсликлар мураккаблашиб, ўқувчиларнинг ўзлари мустақил равишда дарсларни ўзлаштира олмаяптилар ва натижада ўқувчиларнинг мактабда олаётган баҳолари айнан ўзлариники эмас, балки ота-оналарнинг баҳолари бўлиб қолмоқда. Бунинг ечими сифатида ҳақиқатдан ҳам умумий ўрта таълим мактабларидаги дарсликларни соддалаштириш, ўқувчиларнинг ҳақиқатдан ҳам мактабдаги ўқув дарсликларидаги билим ва кўникмаларини шахсан ўзлари ўзлаштиришлари энг олий мақсадимиз бўлиб қолиши лозим.
Шундан келиб чиқиб, партия фаоллари умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган дарсликларни ўрганиб, нафақат дарсликлардаги хатоликлар, балки айрим мактабларда дарсликларнинг етарли эмаслиги, айрим мактаблардаги кутубхоналар ҳам талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланди.
Жумладан, Андижон вилоятидаги 764 та мактабдан 576 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га, Бухоро вилоятининг 9 та туманидаги 347 та мактабдан 345 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 97%га дарсликлар билан таъминланганлиги, шунингдек Қоракўл туманидаги 23, 50-умумий ўрта таълим мактабларида ва Олот туманидаги 4, 35-умумий ўрта таълим мактабларида алоҳида кутубхонанинг йўқлиги, кутубхона ўқитувчилар хонасида жойлашганлиги, Жиззах вилоятидаги 550 та мактабдан 426 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га дарсликлар билан таъминланганлиги, Самарқанд вилоятидаги 1255 та мактабдан 1224 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96,8%га дарсликлар билан таъминланганлиги, Сирдарё вилоятидаги 313 та мактабдан 305 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га дарсликлар билан таъминланганлиги, Сурхондарё вилоятидаги 919 та мактабдан 813 таси ўрганилиб, мактаб ўқувчилари 96%га дарсликлар билан таъминланганлиги аниқланди.
Шунингдек, партия фаоллари дарсликларни ўрганиш давомида ўқувчи синфига нисбатан тўғри келмайдиган, мураккаб мавзуларнинг мавжудлиги ҳам маълум бўлди.
Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларидаги дарсликларида ўқувчи ёшларни чалғитадиган бир қанча хатоликлар мавжудлиги ҳам аниқланди.
Юқоридаги хатоликлар юзасидан 14.05.2021 йил ва 21.05.2021 йил “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатуви умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган дарсликлардаги хатоликларга бағишланиб, ушбу кўрсатувларда ҳам партия фаоллари дарсликлардаги хатолар бўйича чиқиш қилдилар.
Айнан 21.05.2021 йилдаги “Муносабат” кўрсатувида дарсликларни яратишда бевосита умумий ўрта таълим мактабларида узоқ йиллар давомида фаолият олиб бориб, кўп йиллик тажрибага эга бўлган ўқитувчиларни ҳам жалб этиш масалаласи кўтарилди.
Сарвар ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати бошқарма бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг