Янгиликлар 1768
Орол фожиасининг салбий оқибатлари бартараф этилади
Орол денгизининг қуриб бориши бугунги кундаги энг йирик экологик ва гуманитар фожиалардан биридир. Денгиз ҳавзасини атрофида яшайдиган кўплаб инсонлар унинг салбий таъсирида қолмоқда.
Ҳар куни сув ресурслари етишмаслиги, ичимлик суви сифатининг пасайиши, тупроқ таркибининг бузилиши ҳамда иқлим ўзгариши сабабли Орол фожиасининг кучли таъсири остида қолган ҳудудларнинг аҳолиси орасида турли касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Қолаверса, атроф-муҳитнинг фожиавий ўзгариши натижасида Орол бўйининг флора ҳамда фаунасида ҳам катта йўқотишлар юзага келмоқда. Яқин-яқинларгача ўзининг улкан биоҳилма-ҳиллиги билан машҳур бўлган Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб бормоқда.
Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини пухта ўйланган, аниқ манзилли ва тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.
Жорий йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбир кун тартибига биринчи масала сифатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини кўриб чиқиш киритилган эди. Ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Қабул қилинган ушбу муҳим ҳужжат Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этишда, Оролбўйи флора ҳамда фаунасини муҳофаза қилишда ҳамда бу ерда бошланган ўрмонзорлаштириш ишларини изчил давом эттиришда асосий дастурул-амал бўлиб хизмат қилади.
Қолаверса, Орол фожиаси масаласига ижобий ечим топиш бўйича олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатларни ўзаро бирлаштиришга ва бу ишга жаҳон ҳамжамиятини бирдамликка чорлашга хизмат қилувчи халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг