Янгиликлар 1559
Ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг кўпайиши тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширади
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар тақдири, уларнинг билим олиши, яшаши, интилиши ҳаётда ўз ўрнини топиши учун ёшлар сиёсатига оид ислоҳотлари, шубҳасиз, бугун ҳар биримизга мамнуният бағишламоқда. Чунки ҳар биримиз яхши биламиз, ёшлар асосий куч, уларга берилган эътибор келажакда албатта самарасини беради. Уларнинг таълим олишдаги фаол иштироки, салоҳиятли кадр сифатида жамиятда ўзини намоён этиши, ёки оддийгина фуқаро сифатида давлатнинг бир бўғини бўлган мустаҳкам оила барпо қилиши мамлакатнинг ҳар жиҳатдан ривожланиши учун пойдевор вазифасини бажаради. Демакки, бу борада ташланган ҳар бир қадам, ҳар бир ўзгариш, имконият ва имтиёзлар йигит-қизларимиз ҳаётига илиқлик олиб кириши ёҳуд тубдан ўзгартириб юбориши орқали фундаментнинг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.
Юртбошимиз раислигида 13 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ҳам кўплаб тенгдошларимиз учун сув ва ҳаводек зарур эди.
Баъзида сизу биз эга бўлган имкониятлардан айрим тенгдошларимиз бебаҳрадирлар. Чекка-чекка қишлоқларда бўлган, ёшларнинг дардур ташвишлардан боҳабар инсонлар буни яхши биладилар. Оддийгина “Ёшлар дафтари”га кирганларга қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш ҳаражатининг бир қисми қопланишининг ўзи ҳам бир неча фарзанди олий ўқув юртига кириш учун тайёрланаётган оилалар учун катта ёрдам.
Видеоселектор йиғилишида турли соҳаларда ёшларимиз учун муҳим имтиёзлар яратилиши белгиланди. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига аҳамият қаратилди. Энг муҳими, соғлиқни сақлаш тизимида иштирокини кучайтириш, ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтиришга алоҳида урғу берилди.
Яна бир масала – ҳар бир маҳалла ва хонадонни сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш учун малакали ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтириш зарур бўлмоқда. Биргина тиббий бригадаларга камида 7 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари керак. Шунинг учун, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этиш ҳисобига минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш зарурдир, – деди Пезидентимиз.
Албатта мазкур тизимнинг амалга ошиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиради. Ҳамширалар томонидан болалар, кексалар, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож инсонлар ҳолидан мунтазам хабар олиш учун етарлича ишчи кучи яратилади. Қолаверса, иш билан таъминланган ёшларимиз сони ҳам ошади.
Бугунги кунда ҳар бир аёлнинг тиббий саводхонлиги, ўз фарзанди, яқинларига биринчи тиббий ёрдам кўрсата олиши учун кўникмаси бўлиши лозим. Мени қувонтирган жиҳат, ҳамшираларнинг сони ортиши мазкур эзгу мақсад учун хизмат қилади. Ўз оиласига ҳар жиҳатдан ғамхўрлик қила оладиган хотин-қизларимиз сафини кенгайтиради.
Давлатимиз раҳбарининг бизларга, барча Ўзбекистон ёшларига оталарча ғамхўрлигидан чексиз миннатдормиз ва қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади.
Азамат АБДУРАҲМОНОВ,
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси
Фикрингизни қолдиринг