Орзуларим бошлади йўлга…

01.07.2024 14:07:04

30 июнь –«Ёшлар куни» билан хоразмлик ёш адолатчилар номидан мамлакатимиз ёшларини чин дилдан табриклайман. Мен ҳозирда Урганч давлат университетининг 2- босқич талабасиман, ўзбек филологияси факультетида таҳсил олмоқдаман. Шу кунгача ўзимнинг 3 та — «Қалбим мулки», «Ҳаёллар оғушида», «Ғунчалар» номли шеърий китобларим нашрдан чиққан, 30дан ортиқ ижодий ишларим газета ва журналларда чоп этилган, 10дан зиёд илмий мақолаларим чет эл газеталарида чоп этилган. Шу ютуқларим туфайли 2019 йилда иқтидорли қизлар учун партия томонидан таъсис этилган «Адолат дўпписи» ва сертификатига сазовор бўлганман. Шундан кейин партияга меҳрим тушди, 18 ёшга тўлишимни интизорлик билан кутдим ва «Адолат» партиясига аъзо бўлдим. 2023 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолигига бўлиб ўтган сайловда ғолиб деб топилдим ва бу ишонч зиммамга катта масъулиятни юклади. Ёшлар билан ҳамкорлигим янада мустаҳкамланди, ёшлар, уюшмаган ёшларнинг арзу ҳаваслари, камчилик ва муаммолари билан қизиқа бошладим. Яна партия томонидан ташкил этилган «Конституция билимдони» кўрик — танловида қатнашиб, Республикада нуфузли ўринни олдим. Шунингдек, мен партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган «Истеъдод» клубининг фаол аъзосиман. Машғулотлар давомида воҳага танилган устозлардан таълим оламиз, тенгдошларимиз билан тажриба алмашамиз, адабиётга энди қадам қўяётган жажжи ука ва сингилларимизга йўл-йўриқ кўрсатамиз. 2019 йилда клуб аъзоларининг 25 нафарини ижод намуналари жой олган «Истеъдод гулшани» китоби нашрдан чиқарилган эди. Ҳозирда клубимизнинг иккинчи китоби нашрга тайёрланмоқда, менинг ҳам шерларим шу китобдан жой олаётганидан жуда хурсандман.

Клуб ёшлар интилаётган маскан бўлса, партия ёшларнинг орзу истакларини рўёбга чиқараётган, ўз атрофида буюк мақсадлар сари бирлаштираётган сиёсий куч сифатида ёшларнинг эътиборини тортиб келмоқда. Менинг ҳам орзу-мақсадларим шу партиям орқали амалга ошаётганини доим тенгдошларим, халқим орасида ғурур билан гапириб юраман.

Келгуси орзу, мақсад ва режаларим бисёр, билимим, салоҳиятим ва иқтидоримни партиямнинг ривожи йўлида сафарбар этиш орқали Янги Ўзбекистонимни келажаги учун собит тураман.

Тўхтажон ҚУРЯЗОВА,
УрДУ талабаси,
ОМҚП ҳузуридаги «Ёшлар парламенти аъзоси».

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+