Осиё хотин-қизлари форуми: тенглик, тараққиёт ва фаровонлик сари муҳим қадам

21.05.2024 10:05:16

Ҳар қандай жамият ривожи аёллар билан боғлиқдир. Аёлларга ҳам эркаклар қаторида тенг имкониятлар яратилиб, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари таъминланишига қонунчиликда кафолатлар берилса, албатта, бундай жамият тезроқ ва жадалроқ тараққий этади.
Тан олиш керак, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда хотин-қизларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, давлат хотин-қизларнинг давлат бошқарув ишларида, шунингдек, жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаши белгилаб қўйилди.
Эътиборлиси, бугунги амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар боис хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олди олинмоқда, улар орасида ишсизлик даражаси камайди, аёллар тадбиркорлиги ошиб, камбағаллик қисқартирилди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган ёки ногирон фарзанди бўлган, уй-жойсиз, боқувчиси бўлмаган, ўзгалар парваришига муҳтож аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Хотин-қизларнинг саломатлиги, оналик ва болалик муҳофаза қилиниб, давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеи янада мустаҳкамланди. Уларнинг таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилиши орқали илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрни янада ошди.
Давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.
Аёлларнинг бошқарув соҳаларидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 49 фоизга, олий таълимда 50 фоизга етди.
Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардан иборат.
Бошқарув ходимлари орасида хотин-қизларнинг улушини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибини шакллантиришда ҳам татбиқ этилиши белгиланди.
Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форумининг айнан Ўзбекистонда ўтказилгани ҳам бежиз эмас.
Форум доирасидаги 8 та панель сессиясиялар хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқлари бўйича қизғин муҳокамалари остида ўтди. Жумладан, БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ҳамда инновацион ёндашувлар, хотин-қизларнинг таълим олиши, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиши, муносиб иш билан таъминланиши, шунингдек, рақамли технологиялар ва инновациялардан фойдаланиши учун имкониятлар яратиш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ва имкониятларни янада бирлаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш, барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган гендер тенгликни миллий ва минтақавий даражада амалга оширишни янада рағбатлантириш масалаларида юқори натижаларга эришиш ҳамда сиёсий жараёнлар ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг иштирокини янада ошириш бўйича асосий устувор йўналишларни амалга ошириш учун манфаатдор томонларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ва шу каби бир қатор масалалар кенг муҳокамалар марказида бўлди.
Иштирокчилар тўлиқ мактаб таълими, таълим ва касбий тайёргарликнинг барча даражаларидан тенг фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан давом этаётган инқироз ва хавфсизлик муаммолари шароитида, фан, техника ва инновациялар, аёллар стартапларини, сунъий интеллектни ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларини рақамлаштириш, шунингдек, хотин-қизларни илмий, инновацион ва ижодий муҳитга янада кенг жалб этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқишди.
Шу билан бирга, Осиё минтақаси мамлакатлари иқтисодий ўсиши ва фаровонлигини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аёллар ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Аҳамиятлиси, форум иштирокчилари Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш билан бирга бошқа мамлакатларнинг ҳам бугунги кунда олиб бораётган ушбу масаладаги ислоҳотлари билан ҳам тажриба алмашилди. Жуда кўплаб таклифлар берилди. Форум якунида муҳим ҳужжат — Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, форум якунида қабул қилинган Самарқанд декларацияси нафақат юртимиз аёллари балки, қитъамиз хотин-қизлари учун ҳам ҳар томонлама фойдали ва манфаатли бўлади.

 

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+