Янгиликлар 1095
Ўз номингиз билан кўчат экинг
Давлатимиз раҳбари асос солган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали кўчатлар экиш билан яшил майдонларни кенгайтириш ҳаракати барчани шу эзгу мақсад йўлида жипслаштирди. Аввалдан ҳар баҳор кўча ва хонадонларга янги кўчат ўтқазишга одатланган бўлсак энди бу ҳаракат янада кенг қулоч ёзди. Андижонда ўз номи билан кўчат ўтқазиш юртдошларимизнинг қалб амрига айланди, десак муболаға бўлмайди. Андижонлик «адолатчилар» ҳам бунда фаол қатнашмоқда.
Умуммиллий лойиҳа доирасида вилоятда жами 15 миллион 416 минг дона кўчат экиш режалаштирилган. 2021 йил кузининг ўзида 7 миллион 72 минг тупдан зиёд бир неча турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчати қадалди. Жумладан, автомобиль йўллар ёқасига 332,6 минг дона, иҳотазор учун 400,9 минг дона ва фермер хўжаликларининг дала четларига 1 миллион 189 минг дона экилди. Айни кунларда бу иш янада қизғин давом этяпти.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дастлаб катта йўл бўйларида бошланган бу иш жуда тез хонадонлар ва ички кўчаларга ҳам кўчди.
Пахтаобод туманидаги Аҳиллик маҳалласида бу борада амалга оширилаётган ишлар ибрат оларли. МФЙ раиси, «Адолат» СДПдан сайланган халқ депутатлари Пахтаобод туман кенгаши депутати Орифжон Тожибоев бошчилигида маҳалла фаоллари ҳар бир хонадонга кириб тушунтириш ишларини олиб бордилар. Мевали ва манзарали дарахтларнинг фойдалилиги, ҳосили оила эҳтиёжидан ошиб даромад ҳам келтириши айтилди.
Фуқаролар бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. 447 та хонадоннинг деярли ҳаммасида бугун янги экилган 1000 тупдан ортиқ узум кўчатлари парвариш қилинмоқда. Яна 1200 туп олма, 600 туп беҳи ва 300 дона манзарали дарахтлар экилди.
-Иссиқхоналарда гул кўчатлари етиштиряпмиз,-дейди МФЙ раиси О.Тожибоев,- Тозалов ишлари кунлик ишимизга айланган. Ҳудудимиздаги 3 км. масофадаги ариқлар тўла тозаланди. Буларнинг барчаси маҳалламизнинг ободлиги, инсонлар саломатлигига қаратилган.
Андижон туманидаги «Ҳақиқат чинори» фермер хўжалиги раҳбари Муроджон Қурбонов кенг доирадаги бу ҳаракатга биринчилар қаторида қўшилди. У асосан манзарали дарахт кўчатлари етиштириб, яшил майдонларнинг кенгайишига ҳисса қўшяпти.
-Павлония республикамизда ҳали оммалашмаган дарахт тури бўлиб катта даромад манбаидир. Ундан теракка нисбатан бир неча маротаба кўп даромад олиш мумкин. Унинг афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Биринчидан, тез ўсади, иккинчидан жуда бақувват. Ёғочининг зичлиги боис кемасозликда, мусиқа асбоблари ясашда, уйсозликда, мебелсозликда кенг фойдаланилади.
«Муҳаммадали Бўронов» фермер хўжалиги узум етиштиришнинг ҳадисини олган. 2021 йилнинг кузида буюртма асосида 40 минг туп қаламча тайёрланди. Баҳорда яна 20 минг дона қайроқи кўчатлар қўшни туманларга етказиб берилади.
-Дарахтлар бизнинг умумий бойлигимиз. Уни ҳимоялашга барчамиз масъулмиз, -дейди кекса биолог Озодбек Алибеков.-Турли акция ва тадбирлар уюштирилиб, кўчат экилгани яхши. Бироқ ниҳолнинг тутиб кетишига келганда ҳафсала етишмайди. Оқибатда қанчадан-қанча ниҳоллар илдиз отмай, қуриб қолади. Яна бир ачинарли ҳолат, табиатга, ўсимликлар дунёсига шафқатсизларча муносабат натижасида мавжуд боғларга зиён етказилмоқда. Бу борада жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш лозим.
Акбаржон Назаров,
"Адолат" СДП Андижон вилоят Кенгаши Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг