Янгиликлар 3798
Ўз ўзини танқид: Партия етакчисида ташаббус етишмаса...
Андижонда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг 2019 йил якунлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Танқидий руҳда ўтган йиғилиш олдидан иштирокчилар олдига “Сиз танқидга қандай қарайсиз?”, деган савол қўйилди. Чунки андижонлик “адолатчилар”нинг ўтган йилдаги фаолияти ўзлари томонидан танқидий баҳоланди.
Вилоят кенгаши раиси ўринбосари сифатида мен йиғилишда билдирилган фикрлардан бир хулосага келдим: фаолиятимизни жонлантириш, камчиликларни бартараф этиш шарт. Эришилган ютуқлар қониқарли эмас.
Келинг, шу ўринда айрим масалаларга эътибор қаратайлик. Йил бошида партиямизнинг сиёсий майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва жамоатчилик билан ишлашда эътибор қаратишимиз зарур бўлган энг муҳим жиҳатларни келишиб олганмиз. Шунга қарамай хали эътибор қаратишимиз зарур бўлган қатор вазифалар мавжудлиги кўзга ташланди.
Бизнинг кучимиз, сиёсий майдондаги ўрнимиз, албатта, партиямиз сафининг қанчалик кенгайиб бориши билан боғлиқ. Шу маънода вилоят бўйича йил давомида сафимизга 3234 нафар янги аъзолар келиб қўшилди. Ёки бошқача айтганда белгиланган режа атиги 24.8 фоизга бажарилди. Бу борада Андижон ва Асака туманларида самарали иш ташкил этилган. Қўрғонтепа тумани ва Хонобод шаҳар Кенгашлари томонидан йил давомида бирорта хам янги аъзо қабул қилинмаганлигини қандай тушуниш мумкин?
Фаолиятимизнинг асосини ташкил этувчи партия лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишларни ҳам талаб даражасида деб айтиш қийин. Йил давомида партия лойиҳалари доирасида 847 та тадбир ўтказилиб, 42350 нафар иштирокчи қамраб олинди.
Жумладан,“Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш–демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида ҳафтанинг сешанба кунлари маҳаллаларда аҳолини жалб қилган ҳолда 2628 маротаба сиёсий-ҳуқуқий ўқув ўтказилди.
Юқоридаги лойиҳа доирасида Шаҳрихон ва Мархамат туманларда намунали иш ташкил этилган бир вақтда Булоқбошида нимагадир масалага панжа орасидан қаралмоқда. Хўш нега? Жавоб аниқ: партия етакчисида ташаббус етишмайди.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида тиббиётчи сафдошларимиз ташаббуси билан жойларда ташкил этилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрик фуқароларни партиямизга бўлган қизиқишини оширмоқда. Аҳамиятлиси, касалликлар эрта аниқланяпти, кексалар ва ижтимоий ҳимояга мухтож оила аъзоларининг саломатликларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу ўринда бир мисол: Андижон тумани Хакан қишлоғида “Соғлом оила-соғлом жамият” шиори остида ташкил этилган акция доирасида 1539 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 478 нафар кексалар ва 512 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларга даволаниш учун йўлланма берилди. Уларни соғломлаштиришни ҳам “адолатчилар” ўз зиммасига олдилар.
Фаолиятимизда шу каби қатор камчиликлар мавжуд. Буни ҳисоботлар ҳам кўрсатиб турибди. Қўлга киритилган ютуқлар қанчалик кўп бўлмасин, фаолиятимиздан қониқмаслигимиз лозим. Шундай экан, бугун буни тўғри тушунган холда кейинги фаолиятимизни қандай ташкил этишни аниқ режалаштириб олишимиз лозим.
2020 йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш орқали электоратимиз манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш ва халқнинг ишончини қозонишга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Бу йўлда партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари, қолаверса, бошланғич партия ташкилотларимиз ҳамда янги депутатлик корпусларимизга ишонамиз ва суянамиз. Янги қабул қилинган сайловолди дастуримизда белгиланган ҳар бир вазифа ўз ижросини толпиши шарт.
Жойларда учраётган муайян ижтимоий муаммо ва камчиликларга партия қандай муносабат билдираётгани, уларни ҳал этиш борасида қандай ғояларни илгари сураётганини аниқ кўрсатиб бериш зарур. Шунда жамоатчиликда партиямиз ва депутатларимиз фаолияти ҳақида тўғри тасаввур уйғонади, ортимиздан эргашувчилар сафи кенгаяди.
Партия имиджини шакллантиришнинг асосий омилларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш. Бу борада партия етакчилари ва депутатларнинг адолат учун курашиши, қонунбузилиш ва жиноятчиликларни олдини олиш билан электорат ишончини мустаҳкамлаш лозим.
Яна бир масала: 2019 йилда ўтказилган сайловлар жамоатчилик орасига чуқур кириб бориш, ўзимизни танитиш ва хайрихоҳларимиз сафини кенгайтириш қанчалик зарур эканлигини яна бир бор кўрсатди. Навбатдаги сайловларга бугундан тайёргарлик кўриш катта аҳамиятга эга. Зеро, бизнинг бош мақсадимиз-сиёсий майдонда муносиб ўрин эгаллаш. “Адолат” номи ҳар бир жойда, ҳар биримиз учун олдинга чорлов бўлсин.
Малохатхон МУСАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг