Янгиликлар 1776
Ўзбек тили – Афғонистонда ҳам расмий давлат тили!
Давлат тили куни яқинлашар экан, хориждаги ўзбек ватандошларимизнинг ҳам она тилимизга ўзгача меҳри ва талпинишини сезиб ичимиздан ғурурланамиз. Бугун дунёда 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида сўзлашади.
Маълумки, ён қўшнимиз Афғонистон кўп миллатли давлат бўлиб, унинг 33 миллионли аҳолиси 14 та миллий-этник гуруҳлардан таркиб топган. Энг катта миллий-этник гуруҳлар сифатида пуштунлар (аҳолининг 50%и) тожиклар (23%), ўзбеклар (11%) ва хазорийларни (10%) санаб ўтиш мумкин.
Шу боис, ўзбек тили Афғонистонда давлат тили деб расман тан олинган. Бу тўғрида 2004 йилда қабул қилинган «Асосий Қонун», яъни Афғонистон Конституциясида алоҳида қайд этилган. Конституциянинг 1-боби 4- ва 16-моддаларида Афғонистоннинг шимолий вилоятларидаги кўп сонли ўзбеклар яшайдиган минтақаларда ўзбек тили (дарий ва пушту тиллари билан бир қаторда) расмий давлат тили сифатида қўлланилиши белгилаб қўйилган.
Ҳозирда Афғонистоннинг 9 та олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитилмоқда. Бундан ташқари, қатор мактабларда ўзбек тилида таълим берилмоқда. Айрим телеканаллар («Ойна ТВ», «Батур ТВ», «Миллий ТВ», «Арзу ТВ»)да ўзбек тилида кўрсатувлар узатилмоқда. Газета ва журналлар ҳам ўз фаолиятини бошлади. Бир қатор шоир ва ёзувчилар ўзбек тилида самарали ижод қилмоқда
Термизда афғонистонлик ёшлар учун очилган Таълим марказини шу вақтга қадар 100 нафар талаба тугатган бўлса, яна 200га яқин йигит ва қизлар ўзбек тили ва бошқа мутахассисликлар бўйича таҳсил олишмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўзбек ва афғон халқари ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга бўлиб, миллий урф-одатларимиз ҳамда анъаналаримиз жуда ўхшаш ва муштаракдир.
Минтақада ташкил топган Парфия, Бақтрия, Кушон, Эфталитлар каби буюк давлатлар ҳар икки халққа бирдек тааллуқлидир. Халқларимиз биргаликда буюк маданият яратишган. 10-асрда буюк аждодларимиз тузган Ғазнавийлар давлатининг гуллаб яшнашига минтақадаги бошқа халқлар каби ўзбеклар ҳам, афғонлар ҳам катта ҳисса қўшишган.
Бундан ташқари икки биродар ва ёндош-қўшни халқларни қатор буюк шахслар мероси, хусусан, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Райҳон Беруний, Бобораҳим Машраб сингари буюк аждодларимиз боғлаб туради.
Мен ўзбек миллатига мансуб ва 1972-1973 йилларда Афғонистон молия вазири, 1974-1978 ва 1980-1987 йилларда савдо вазири, 1977-1978 йилларда режалаштириш вазири бўлиб ишлиган Муҳаммад Хан Жалалар, 1969-71 йилларда Афғонистон адлия вазири Абдул Сатар Сират номини ўқиб чексиз ғурурланганман.
Сурайё Далил хоним эса 2010-2014 йилларда соғлиқни сақлаш вазирлигини муваффақиятли бошқарди, кейинчалик Афғонистоннинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаларига раҳбарлик қилди.
Бу ердаги ўзбеклар етакчиси, бир муддат Афғонистон биринчи вице-президенти бўлиб ишлаган Абдурашид Дўстимга эса яқинда маршал унвонининг берилгани ҳам ҳар бир миллатдошимиз қалбига катта мамнунлик етқазган эди.
Сўнгги йилларда икки халқ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар янада жадал тус олди ва турли соҳаларни қамраб олди.
Бироқ Афғонистонда ички низоларнинг ҳали-ҳануз давом этаётганлиги бу икки халқ ўртасидаги муносабатлар улар хоҳлаган даражада ва салоҳиятларига мос юқори босқичларда қулоч ёйишига тўсқинлик қилмоқда.
Умид қиламизки, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бошланган афғонлараро тинчлик музокаралари ўзининг ижобий натижасини беради, ўзаро курашаётган томонлар сулҳ келишувига эришадилар ва жафокаш афғон заминида ниҳоят осуда ҳаёт ўрнатилади. Зеро, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши икки халқ ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг